Бугун эрталаб Ўзбекистонга жанубий Урал ҳудудларидан салқин ҳаво кириб келди. Қуруқ, аммо салқин ҳаво массасининг кириб келиши ҳарорат фонининг иқлимий маъёрларгача пасайишида акс этди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет матбуот хизмати.

Бугун кундуз куни республика ҳудудининг катта қисмида ҳарорат 26−29° ни, шимолда 22−25° ни, республика жанубида 32−35° ни ташкил этади. Мамлакатнинг барча ҳудудларида асосан кам булутли об-ҳаво сақланиб туради.

Ҳафтанинг катта қисмида Ўзбекистон бўйича асосан шундай қуруқ ва салқин об-ҳаво ҳукумронлик қилади. Ҳаво ҳарорати кечалари 10−15°, кундуз кунлари 26−31° атрофида бўлади. Бундай об-ҳаво Ўзбекистон бўйича сентябрь ойи охири учун хосдир.

Ҳафта охирига келиб, антициклон периферияси Қозоғистон ҳудудига чекина бошлайди. Ҳаво ҳарорати яна кўтарилади ва ҳафта охирига 32−35° ни ташкил этади.

24 сентябрь куни республика шимолида шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши мумкин.