Журналист ва «Халқ сўзи» газетаси мухбири Саид Махсумов 36 ёшида йўл -транспорт ҳодисасида вафот этди. Ушбу маълумотни нашр таҳририяти «Газета.uz»га тасдиқлади.

ЙТҲ Тошкентга қайтишда, Қорақалпоғистоннинг Тупроқ-қалъа аҳоли пункти яқинида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, тўрт киши — автомобиль ҳайдовчиси ва уч йўловчиси вафот этган.

Маълум қилинишича, Саид Махсумов бошқа журналистлар билан биргаликда Нукусда бўлиб ўтган II Халқаро бахши фестиваль-танловининг ёритилишида қатнашган.

ЙҲХББ мазкур ЙТҲ тафсилотларини эълон қилди. Унга кўра, 19 сентябрь куни соат 23:35 ларда, Хоразм вилояти, Тупроққалъа тумани, Саримой қишлоғи ҳудудидан ўтган А-380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлининг 493-километрида, ҳайдовчи, А.М. (1996 й.т.) бошқарувидаги «Tacuma» русумли ҳамда ҳайдовчи, Б.М. (1970 й.т) бошқарувида бўлган «Isuzu» русумли автомобиллар иштирокида тўқнашув содир бўлган.

Натижада, «Tacuma» русумли автомобиль ҳайдовчиси А.М. ҳодиса жойида, ушбу автомобиль йўловчилари С.М. шифохонага олиб кетилаётганда, Р.Ж. ва А.Қ.лар шифохонада вафот этган.

ЙТҲ юзасидан Тупроққалъа тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.