COVAX дастури доирасида Германия Ўзбекистонга 356 минг доза AstraZeneca вакцинасини совға қилди. Бу ҳақда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълум қилди.

Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси «Газета.uz»га маълум қилишича, вакциналар Германия элчиси Тило Клиннер томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилди.

«COVAX орқали Германия дунёнинг 138 мамлакатига, шу жумладан 92 та ривожланаётган мамлакатга 230 миллиондан ортиқ вакцина дозасини етказиб берди. Вакциналар ушбу қабул қилувчи мамлакатлар учун бепулдир. Бизнинг мақсадимиз — дунёдаги ҳар бир инсон керакли вакцинани олиши. COVAX — бу бизнинг COVID-19 га кўп томонлама ва инклюзив жавобимиз. Вакциналар сиёсий имтиёзлар асосида эмас, балки эҳтиёжга қараб тарқатилади», — дея таъкидлади элчи Тило Клиннер.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг аниқлик киритишича, Ўзбекистонга келтирилган жами вакциналар сони 22 802 540 дозани ташкил қилмоқда. Улардан:

  • 460 000 дозаси «Sputnik V»,
  • 1 342 480 дозаси AstraZeneca,
  • 18 000 000 миллион дозаси ZF-UZ-VAC2001,
  • 3 000 060 дозаси Moderna вакцинаси.

2020 йил июль ойида Германия Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши курашни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2 миллион евро ажратган эди. 2021 йил июль ойида Германия ҳукумати томонидан ЖССТ орқали Ўзбекистонга 3 миллиондан ортиқ жарроҳлик ниқоблари етказиб берилган. Бундан ташқари, март ойида COVAX доирасида Ўзбекистон аҳолиси учун 600 минг вакцинани етказиб беришни молиялаштирди.

Маълумот учун, Германия COVAX доирасида Ўзбекистон ва Тожикистонга ривожланаётган мамлакатларга етказиб берилиши ваъда қилинган коронавирусга қарши вакциналарни етказиб бериши кутилаётганлиги хабар қилинган эди.