Zeromax аллақачон банкротликка учраган, бироқ EY учун саволлар ҳеч қаерга йўқолгани йўқ, деб ёзмоқда Financial Times, дея хабар қилди Spot.

Дунёнинг энг йирик ва машҳур фирмаларидан бири ҳисобланган EY Швейцариядаги бўлинмасининг Zeromax аудитори бўлгани ҳамда 2005, 2006 ва 2007 йилларда унга clean bill of health (ҳаммаси жойида экани кафолатланади) сертификатини бергани учун босимлар остида қолди.

Қайд этилишича, Швейцариянинг ҳуқуқий тизими шаффоф бўлмагани ва корпоратив маълумотларни ошкор қилиш режими туфайфли бу ҳақда ҳозирга келибгина кенг жамоатчилик хабардор бўлмоқда.

Zeromax 1999 йилда Делавэрда (АҚШ) рўйхатга олинган ва 2005 йилда Швейцарияда қайта рўйхатдан ўтказилган. Ўшанда компания бу «Ўзбекистоннинг қатор саноат секторларига инвестицияларни йўналтириш» учун амалга оширилганини маълум қилган эди.

Инвесторлар қўлида EY аудити тўғрисидаги хулосаси бўлган компания хизматларидан фойдаланишни бошладилар.

FT танишиб чиққан ҳисоботда Zeromax қулашидан тўрт йил муқаддам компания орқали катта миқдордаги маблағларнинг офшорларга ўтказилгани қайд этилган.

Нашр журналистлари ҳужжатлар, жумладан полиция ҳисобтлари, электрон ёзишмалар ва квитанцияларни ўрганиб чиқиб, EY`га нисбатан ҳақиқатан ҳам қатор саволлар борлигини қайд этдилар. Чунки кўплаб транзакцияларни тижорий харажатлар деб айтиш қийин.

Масалан, 2006 ва 2007 йилларда Zeromax қимматбаҳо зебу зийнатларга 13 млн доллар, жумладан, Женевадаги Christian Dior дўконида 2 млн доллар сарфлаган. Келгуси икки йилда эса яна 25 млн доллар харажат қилинган.

Financial Times нашрининг ёзишича, EY баъзида «консультатив хизматлар учун» қабилидаги тижорий таклифлар остида шаффоф бўлмаган офшор компанияларга пул ўтказилганида хавотир билдирмаган.

2004−2007 йиллар давомида Zeromax офшорларга энг камида 288 млн доллар ўтказган. Энг камида битта ҳолатда жиноий фаолиятда иштирок этиши тахмин қилинган компания — Galat Enterprises ҳисобига пул жўнатилган.

Камида битта ҳолатда EY`га Zeromax офшорга номунтазам характердаги пул ўтказгани ҳақида хабар топган. 2008 йилдаги элеткрон хатда EY`нинг юқори лавозимли вакилидан компания менежерларига аудиторлар ва Швейцария солиқ органларига Ystral компанияси ҳисобига 5,5 млн доллар ўтказилганига изоҳ бериш сўралган.

«Биз айрим саволларимизнинг „таъсирчан мавзуларга“ тегиб кетишини тушунамиз. Хоҳласангиз, юқорида эсга олинган мавжуларни сиз билан муҳокама қиламиз, бизга хабар қилинг ва биз учрашув/қўнғироқ ташкил этамиз», — дейилади мактубда. Жавоб хатида Zeromax вакили ишга оид «очиқ» сабаб эканини айтади.

Бу каби шубҳали келишувлар сони EY Zeromax бўйича аудиторлик ҳисоботларини чиқаришни тўхтатган 2008 йилда, айниқса, кўпайган.

Ҳозирда кўплаб европалик кредиторлар ўз пулларини қайтариб олишга уринмоқдалар, 2019 йилда эса Американинг Lion Point Capital хеж-фонди ҳаттоки Zeromax`нинг қопланмаган қарзлар траншини сотиб олиб, 1 млрд доллар миқдоридаги зарарни қоплаш тўғрисида судга даъво киритган.

Financial Times EY Switzerland`га «Zeromax иши» бўйича сўров юбориб, компаниянинг аудитдаги ролига оид изоҳларига эътибор қаратди:

«2010 йили Ўзбекистонда суд қарори билан Zeromax активларининг экспроприацияси (мажбурий тортиб олиш) ва унинг банкротлигига олиб келди. Мазкур масала айни вақтда судда кўриб чиқилмоқда ва EY Switzerland баҳсли даъволарга нисбатан ўз позициясида қатъий қолмоқда. Бошқа ҳеч нарса айта олмаймиз», — дея жавоб қилган EY.