6 сентябрь куни Токио шаҳрида ўтказилган XVI Паралимпия ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон делегацияси мамлакатга қайтиб келди, дея хабар бермоқда МОҚ ахборот хизмати.

Паралимпиадада иштирок этган спортчилар, мураббийлар ва делегация вакиллари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.


Фото: «Дунё» АА.

Шундан сўнг Токио-2020 Паралимпиадаси иштирокчилари махсус автобусларда пойтахтнинг марказий кўчалари бўйлаб «Янги Ўзбекистон» боғига етиб боришди. Тантанали маросимнинг асосий қисми ушбу боғда ташкил этилди.

Фото: «Дунё» АА.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги.

Хабарга кўра, тадбирда бош вазир Абдулла Арипов ҳамда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов иштирок этиб, паралимпиячиларни қўлга киритилган улкан муваффақият билан табриклашди.

Фото: МОҚ ахборот хизмати.

Қўшимча қилинишича, маросимда спортчилар номидан Паралимпиада чемпионлари пара-таэквондочи Гулжаной Наимова, пара-дзюдочи Учқун Қуронбоев сўзга чиқиб, президент томонидан берилаётган эътибордан мамнун эканликларини, давлат раҳбарининг қўллаб-қувватлашидан мотивация олишларини айтиб ўтишди.

Фото: МОҚ ахборот хизмати.

Шундан сўнг Токио-2020 Паралимпия ўйинлари ғолибларига президент совғалари — олтин медаль эгаларига «Tahoe» автомобили ва Тошкент шаҳридан 3 хонали уй, кумуш медаль эгасига «Traverse» автомобили ва 2 хонали уй, шунингдек бронза медаль эгаларига «Traiblazer» автомобили ва 1 хонали уй калитлари топширилди.

Шунингдек, президент қарорига кўра, Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчиларига олтин медаль учун 200 минг, кумуш медаль учун 100 минг ва бронза медаль учун 50 минг АҚШ доллари берилади.

Фото: МОҚ ахборот хизмати.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги.

Фото: МОҚ ахборот хизмати.

Маълумот учун, Токио-2020 Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалларини жамғариб, 162 мамлакат орасида 16-ўринни эгаллади.