Яқин орада Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади ва унинг давомида ҳамкорлик ҳужжатлари тўплами имзоланади. Бу ҳақда Turkmenportal Туркманистон давлат ахборот агентлигига таяниб хабар бермоқда.

Шу муносабат билан Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон бош вазир ўринбосари Эсенмурат Оразгелдиевга келаси ҳафта ўзбекистонлик ҳамкасби билан Қўшма комиссия йиғилишида имзоланиши режалаштирилаётган савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича қўшма шартномаларни муҳокама қилишни топширди, дейилади хабарда.

«Бугунги кунда дўстлик, қардошлик, яхши қўшничилик ва миллий иқтисодиётнинг кўплаб соҳаларида яқин ўзаро муносабатларни ўз ичига олган икки томонлама ҳамкорлик жадаллиги билан ажралиб туради. Олий даражадаги учрашув ва музокаралар чоғида эришилган келишувлар ва белгиланган узоқ муддатли режалар туркман-ўзбек сиёсий, савдо ва маданий алоқаларини ўзаро манфаатларга жавоб берадиган юқори даражага олиб чиқишга мўлжалланган», — дея таъкидлади Туркманистон раҳбари.

Гурбангули Бердимуҳамедов охирги марта Ўзбекистонга 2019 йил ноябрь ойида ташриф буюрган. Шунингдек, шу йилнинг август ойида давлат раҳбарлари Каспий денгизи соҳилидаги «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашуви доирасида учрашишган эди.