Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари минтақани ривожлантириш масалаларини мунтазам кўриб чиқиш учун доимий маслаҳат платформаси сифатида Марказий Осиёда хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича мулоқотни ташкил этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишга келишиб олдилар. Туркманистонда бўлиб ўтган учинчи Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича қабул қилинган минтақа давлатлари раҳбарларининг қўшма баёнотида бу ҳақда сўз боради.

Томонлар, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тезроқ тартибга солиш Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни сақлашнинг муҳим омилларидан бири эканини тасдиқладилар ҳамда мазкур мамлакатда тинчлик ва келишувга эришишга кўмаклашишга тайёр эканликларини билдирдилар. Марказий Осиё давлатлари барча манфаатдор давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг Афғонистонда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда унинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмаларини қайта тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайдилар.

Минтақа мамлакатлари молия тизимини биргаликда ривожлантириш ва минтақага инвестицияларни жалб қилиш мақсадида «Астана» Халқаро молия марказидан Марказий Осиё минтақаси давлатлари ҳамда хорижий инвесторларни боғлайдиган иқтисодий платформа сифатида фойдаланишга келишиб олдилар.

Марказий Осиё давлатлари минтақа давлатлари ўртасидаги миграцияни назорат қилиш соҳасида тегишли органларнинг ўзаро алоқаларини кучайтириш, шунингдек, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий, ижтимоий, информацион-консультатив ёрдам кўрсатишнинг аҳамиятини тан олдилар.

Минтақанинг беш давлати товар ва юкларнинг эркин ва тўсиқларсиз транзити учун транспорт-транзит соҳасида ҳамкорлик, жумладан, авиацион, автомобиль, темир йўл, дарё ва денгиз транспорти учун халқаро йўналишларни, мультимодал транспорт йўлаклари, халқаро кўп функцияли логистика, савдо ва туризм марказларини модернизация қилиш, инновацион, энергиятежамкор ва электрон технологияларни жорий этиш ҳамда трансчегаравий жараёнларни соддалаштиришнинг муҳимлигини таъкидладилар.

Томонлар «Шимол-Жануб» ва «Шарқ-Ғарб» халқаро йўлакларини биргаликда ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни максимал кучайтиришни қайд этдилар.

Марказий Осиёда транспорт коммуникациялари ва транспорт тизимини биргаликда ривожлантириш бўйича дастур ва битимларни келишиб олиш бўйича минтақавий учрашувларни ташкил этиш тезлаштирилади. Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари Ўзбекистоннинг БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватладилар.

Минтақа давлатлари савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт-логистика ва инновация йўналишларидаги ҳамкорликка мақсадга қаратилган ва тизимли тус бериш учун Марказий Осиё давлатлари саноатчилари ва тадбиркорларининг беш томонлама кенгашини ташкил этиш зарурлигини маълум қилдилар.

Томонлар инновацион дастур ва лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, илм-фан, технологиялар ва инновациялар соҳасида самарали ҳамкорлик қилиш, илмий тадқиқотларни биргаликда ўтказиш, ижтимоий ва иқтисодий ўсишнинг янги манбаларини топиш мақсадларида илмий-тадқиқот марказлари ўртасида тажриба алмашишда кучларни бирлаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар. Улар, шунингдек, ОТМлараро ва илмий алмашинувлар бўйича минтақавий дастурни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

Марказий Осиёнинг барча давлатлари иқлим ўзгаришлари оқибатларини юмшатиш ва уларга мослашиш, чўллашишга қарши курашиш, сув-энергетика ресурсларидан рационал фойдаланиш, атроф-муҳит ва экологияни муҳофаза қилиш, музликларни сақлаш ва уран чиқиндилари омборларини рекультивация қилиш, ресурстежамкор ва яшил технологияларни, жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича лойиҳа ва дастурларни илгари суриш соҳаларида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этдилар.

Глобал иқлим ўзгаришларининг дунёдаги, жумладан Марказий Осиёдаги музликларга салбий таъсирини ҳисобга олиб, минтақа давлатлари Тожикистоннинг 2025 йилни Музликларни сақлаб қолиш халқаро йили деб эълон қилиш ҳамда Музликларни ҳимоя қилиш халқаро жамғармасини ташкил этиш таклифини қўллаб-қувватладилар.

Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари Туркманистоннинг паст углеродли энергия бўйича БМТ стратегиясини, шунингдек, БМТ шафелигида энергетикадаги устувор йўналишлардан бири сифатида водородни ривожлантириш бўйича халқаро йўл харитасини ишлаб чиқиш ташаббусларини қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.

Учрашув иштирокчилари минтақадаги, шу жумладан, Орол денгизи ҳавзаси, айниқса экологик инқирозга юз тутган ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ва экологик вазиятни соғломлаштириш, иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда кучларни бирлаштириш, шунингдек, сув, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, ерлар деградацияси, музликларни сақлаб қолиш, ўрмон майдонларини кенгайтириш, табиий офатлар, жумладан, сув тошқинлари, селлар, қурғоқчилик хавфини камайтириш ҳамда тоза ичимлик суви таъминоти бўйича ҳамкорликдаги чора-тадбирларни қабул қилишга келишиб олдилар.

Минтақа давлатлари Қозоғистоннинг БМТ шафелигида касалликлар ва биохавфсизлик устидан назорат бўйича минтақавий марказлар тармоғини ташкил этиш, шунингдек, БМТ шафелигида махсус кўп томонлама орган — БМТ Хавфсизлик кенгашига ҳисоб берадиган Биологик хавфсизлик бўйича халқаро агентлик таъсис этиш ташаббусларини қўллаб-қувватладилар.

Томонлар, шунингдек, вируслар ва бошқа инфекцияларнинг юзага чиқиш сабаблари, улар келтириб чиқарадиган касалликларнинг пайдо бўлиш шакллари, юқумли касалликларни даволаш ва профилактика усулларини ўрганиш бўйича минтақавий механизмни ташкил этишга келишиб олдилар.

Марказий Осиё давлатлари озиқ-овқат ва бирламчи эҳтиёж товарлари учун «яшил йўлак» механизмларини жорий этиш ва етказиб бериш занжирини қўллаб-қувватлашларини маълум қилдилар.

Минтақа давлатлари туризм соҳасида, жумладан, пандемиядан кейин мазкур секторнинг қайта тикланишини тезлаштириш ва минтақа давлатлари ўртасида сайёҳлик алмашинувини қайта йўлга қўйиш зарурлигини қайд этдилар, трансчегаравий ҳудудларда туристик зоналар ва кластерларни ташкил этиш бўйича ишларни жадаллаштиришга келишиб олдилар.