Олий таълим муассасаларида халқаро муносабатлар соҳасида таҳсил олаётган талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиёти Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ёки халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналарда ташкил этилади. Бу Ҳукумат томонидан 31 август куни қабул қилинган (551-сон) қарорда қайд этилган.

Низомга кўра, амалиёт ОТМ томонидан ишлаб чиқиладиган ҳамда қабул қилувчи ташкилот билан келишиладиган дастур асосида ташкил этилади.

Амалиёт бир ўқув йилида бир марта 10 кундан кам бўлмаган ва 30 кундан кўп бўлмаган муддатларда ўтказилади.

Амалиёт 2 босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқичда. ОТМ томонидан хорижий тилларни мукаммал ўзлаштирган иқтидорли 3-курс талабаларининг рўйхати тузилади ҳамда уларга берилган тавсияномалар билан бирга ҳар йили 1 июлдан кечикмаган ҳолда, Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этилади.

Саралаб олишда талабалардан:

  • CEFR тизимининг камида С1 даражасига мос келадиган чет тилини билиш тўғрисидаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши;
  • умумий рейтинг (ўзлаштириш) кўрсаткичлари 80 балл ва ундан юқори бўлиши, фанлардан қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги талаб этилади.

Иккинчи босқичда. Номзодлар Ташқи ишлар вазирлигида қабул қилувчи ташкилот талаблари ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда тақсимланиб, 20 июлгача суҳбатдан ўтказилади.

Амалиётни ўташ даврида талабанинг белгиланган тартибда стипендия олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади.

Қуйидаги бакалавриат таълим йўналишларида таҳсил олувчи талабалар хорижда амалиёт ўташи мумкин:

  • «Сиёсатшунослик»;
  • "Халқаро муносабатлар";
  • «Халқаро иқтисодиёт ва менежмент (минтақалар ва фаолият йўналишлари бўйича)»;
  • «Юриспруденция (халқаро ҳуқуқий фаолият)»;
  • «Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик (мамлакатлар ва минтақалар бўйича)»;
  • «Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар (минтақалар ва фаолият турлари бўйича)».