30 август куни Ғофур Раҳимов ҳомийлигида Республикадаги илк STEM фанларига ихтисослашган мактаб Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида қад ростлади, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

Очилиш маросимдан олдин Ғофур Раҳимов ҳамда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов томонидан рамзий маънода кўчатлар экилди.

Фото: ХТВ матбуот хизмати.

Тадбиркор Ғофур Раҳимов маблағлари эвазига 45-мактабнинг эски биноси ўрнида замонавий таълим маскани қуриб битказилди. Мактабда ўқувчиларнинг замонавий таълим олиши учун барча имкониятлар мавжуд. 600 ўринга мўлжаллаб қурилган таълим муассасасида 634 нафар ўқувчига 43 нафар педагог таълим беради.

Таъкидланишича, мактаб энг замонавий жиҳозлар ва сўнгги ахборот технологиялари билан жиҳозланган. STEM фанларига ихтисослашган таянч мактабида математика, чет тили, ахборот технология ва кимё-биология фанлари чуқурлаштирган ҳолда ўқитилади.


«Ҳомийлик асосида тўлиқ жиҳозланиб, қуриб берилган мактаб Қуйичирчиқ аҳолиси, шу билан бирга ёшлар учун Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги байрамига муносиб совға бўлди», — дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, Тошкент вилоятида сўнгги 3 йил давомида 268 та мактаб Инвестиция ва бошқа дастурлар асосида таъмирланиб, бунинг учун 380 млрд сўм маблағ сарфланган.

Жорий йилнинг ўзида қарийб 500 та (55 фоиз) мактабларда таъмирлаш ишлари, жумладан, 40 та мактабда Инвестиция, 41 та мактабда «Обод қишлоқ» дастури асосида, 418 та мактаб янги ўқув йилига тайёрлаш борасида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

STEM (science, technology, engineering, mathematics) - бу фан, технология, муҳандислик ва математика академик соҳаларини ифода этадиган ибора.