Германия Афғонистондан эвакуация қилиш миссиясини якунлади, деб ёзмоқда Deutsche Welle. Мудофаа вазирлигининг (бундесвер) сўнгги тўртта самолёти Германия ва бошқа давлатлар фуқаролари билан 26 август куни Кобулдан Тошкентга учиб кетди.

«Бундесвер (Германия Федератив Республикаси армияси)нинг охирги А400М самолёти Афғонистон ҳаво майдонини тарк этди, у Кобулдан 18:20 да учди. Ҳарбий эвакуация операцияси якунланди», — дейилади бундесвернинг Twitter`даги хабарида.

Мудофаа вазири Аннегрет Крамп-Карренбауэр ва бундесвер бош инспектори Эберхард Цорн эвакуацияда қатнашган бундесвер аскарлари билан учрашиш учун Тошкентга келишди.

Фото: Twitter Аннегрет Крамп-Карренбауэр.

Аннегрет Крамп-Карренбауэр ҳам Twitter`даги ўз саҳифасида кўрсатилган ёрдам учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди. «Мен жуда кескин вазиятда ишончли шерик бўлган Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдираман. Биз буни унутмаймиз!», — деб ёзади вазир.

Ҳаммаси бўлиб, Германия қуролли кучлари Афғонистондан 5300 дан ортиқ одамни, шу жумладан камида 45 мамлакат фуқароларини эвакуация қилиб, 37 та рейсни якунлади.

«Биз ҳимояга муҳтож бўлганларга ғамхўрлик қилишни давом эттирамиз. Хавфсизлик ҳолати туфайли операцияни узайтириш имконсиз эди», — деб тушунтирди Мудофаа вазирлиги.

Куни кеча Кобул аэропорти яқинида иккита портлаш содир бўлди,улардан бири — Baron меҳмонхонаси яқинида, ОАВ хабарларига кўра, чет элликлар, шу жумладан Британия ва АҚШ фуқаролари йиғилганида содир бўлган. Портлашларда 90 нафардан ортиқ афғон фуқароси ва 13 нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган. «ИШИД» террорчилик ташкилоти Кобул аэропортидаги ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Жо Байден Кобулдаги портлашлардан кейин ИШИДга қарши ҳужумларни тайёрлашни буюрди.