Ўзбекистон презизенти Шавкат Мирзиёев 25 август куни «Инвестиция лойиҳаларини ташқи инфратузилма билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб инвесторнинг қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган, унинг ўз маблағлари улуши 25 фоиздан кам бўлмаган, инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларини зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Шундай тартиб ўрнатилади, унга мувофиқ қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган инвестиция лойиҳалари доирасида:

  • бюджет ссудаси маблағлари электр энергияси тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари учун «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖларга, табиий газ тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари учун «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖларга ажратилади;
  • автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармалари ҳузуридаги автомобиль йўлларини ривожлантириш жамғармалари ҳисобидан амалга оширилади.

20 август куни тадбиркорлар билан учрашувда президент 3000 га яқин тадбиркорлар ўз мурожаатларида инфратузилмалар билан боғлиқ муаммоларни кўтариб чиққанини қайд этган эди. Хусусан, Сирдарёдаги «Гулистон голд ярн» корхонаси узоқ вақтдан буён электр тармоқларга улана олмаяпти. Кичик ёрдам бўлса, компания 600 та доимий янги иш ўрни очишга тайёр.

Президент 2022 йил 1 январдан бошлаб, қиймати 200 млрд сўмга тенг лойиҳалар бўйича электр, табиий газ, сув тармоқлари ва йўл инфратузилмасини етказиб бериш тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлишини маълум қилди. Бунга қадар мазкур имтиёз фақатгина қиймати 50 млн доллардан зиёд бўлган чет эллик инвесторлар лойиҳалари учун тақдим этилган.

Бундан ташқари, келгуси 2 йилда республика бўйича қўшимча 200 та саноат зоналари ташкил этилади. Уларнинг ҳар бирига камида 15 та корхонани жойлаштириш мўлжалланиб, электр, табиий газ, сув тармоқлари ва йўл инфратузилмаси етказиб бериш тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлади. Ушбу мақсадлар учун, 2022 йилда бюджетдан 2 трлн сўм маблағ ажратилади.