26 август куни, маҳаллий вақт билан соат 19:00 атрофида, Қозоғистон, Жамбил вилояти, Байзак тумани, Тараз шаҳри яқинидаги Қайнар қишлоғидаги ҳарбий қисмда, муҳандислик ўқ-дорилари сақланадиган омборлардан бирининг ёнида ёнғин юзага келди, сўнг портлашлар содир бўлди. Бу ҳақда Қозоғистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлик маълумотларига кўра, портлатиш учун мўлжалланган муҳандислик ўқ-дорилари узоқ масофали ўқларга эга эмас, шунинг учун портлашлар натижасида ўқ-дорилар парчалари ва бўлаклари тарқалмаган. «Портлашлар асосан зарба тўлқини, катта овозли зарба ва алангаланиш хусусиятига эга», — дейилади хабарда.

Мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев портлашлар оқибатида тўрт ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини маълум қилди, дея хабар бермоқда Tengrinews. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, бир неча киши алоқага чиқаётгани йўқ. Қидирув ишлари олиб борилмоқда.

Ҳозирда 66 киши жабрланган ҳақида хабар берилган. Айни пайтда портлашлар тўхтаган. Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Тараздаги мактабларга тахминан 1200 киши эвакуация қилинганини маълум қилган.

«Байзоқ вилоятидаги вазият тўлиқ назорат остида», — деб ёзди Жамбил вилояти ҳокими Бердибек Сапарбаев.