АҚШ президенти Жо Байден пайшанба куни Кобулдаги теракт муносабати билан мурожаат билан нутқ сўзлади. Афғонистон пойтахтида юз берган портлашлар оқибатида камида 100 киши, жумладан 13 АҚШ аскари ҳалок бўлди. Ҳужум учун жавобгарликни «Исломий давлат» (ИШИД) террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олди.

«Бу ҳужумни уюштирганлар, Америкага зарар етказмоқчи бўлганлар билиб қўйинг: биз кечирмаймиз. Биз унутмаймиз. Биз сизни қидириб топамиз ва жавоб беришга мажбур қиламиз», — деди Оқ уй раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, у ИШИД раҳбарлари ва объектлари қаерда бўлишидан қатъи назар, уларга зарба бериш режаларини тайёрлашга буйруқ берган. «Биз танлаган вақтда, жой ва лаҳзада куч ва аниқлик билан жавоб қайтарамиз», — деди Жо Байден.

Америка президентининг айтишича, охирги 12 соат ичида Кобул аэропортидан 7000, 15 августдан бери 100 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган. У терактларга қарамай АҚШ эвакуацияни якунлашга ваъда берди.

Жо Байден, шунингдек, ҳарбийлар билан маслаҳатлашганидан кейин Афғонистонга қўшимча кучлар юбормаслигини айтди. У Афғонистонда содир бўлган ҳамма нарса учун «принципиал жавобгарликни» ўз зиммасига олди ва мамлакатдан қўшинларни олиб чиқиш қароридан афсусланмаслигини яна бир бор таъкидлади.

«Биз тарихда ҳеч қачон бирлаша олмаган мамлакат — Афғонистонда демократияни ўрнатишга уриниш учун америкаликларнинг умриларини қурбон қилишга мажбур эмасмиз», — деди Оқ уй раҳбари.