Пайшанба куни Кобул аэропорти яқинида иккита портлаш содир бўлди, улардан бири — Baron меҳмонхонаси яқинида, ОАВ хабарларига кўра, чет элликлар, шу жумладан Британия ва АҚШ фуқаролари йиғилганида содир бўлган.

Маълумотларга кўра, биринчи портлаш худкуш томонидан амалга оширилган, кейин эса портловчи моддалар ўрнатилган машина портлатилган.

Афғонистон соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, Wall Street Journal хабар беришича, Кобул аэропортидаги портлашлар қурбонларининг умумий сони, шу жумладан АҚШ ҳарбийлари қурбонлари сони 100 нафардан ошди. Нашрининг қайд этишига кўра, ҳужум натижасида камида 90 афғон фуқароси, шунингдек Пентагон маълумотларига кўра, 13 америкалик аскар ҳалок бўлган.

Фото: TOLOnews / Twitter

Юз берган портлашлар оқибатида 1,3 мингдан ортиқ одам жароҳат олди, деб хабар бермоқда РИА Новости Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбага таяниб.

«ИШИД» террорчилик ташкилоти Кобул аэропортидаги ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди, деб хабар берди Reuters ИШИДга яқин бўлган AMAQ ахборот агентлигига таяниб.

Генерал Кеннет Маккензи, АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги бошлиғи сўзларига кўра, аэропортдаги биринчи портлаш «ИШИД» жангарилари томонидан тинч аҳоли ва ҳарбийларга ўқ узилган бир неча ҳужумлар билан содир бўлган".

«Толибон» портлашларни қоралади. Ҳаракатнинг расмий вакили Суҳаил Шоҳин Twitter`да «Исломий амирлик Кобул аэропортида америкалик кучлар хавфсизликни таъминлайдиган ҳудудда, тинч аҳолига қилинган ҳужумни кескин қоралайди», деб ёзди (РБК иқтибоси).

Кейинчалик Кобулда яна бир нечта портлашлар содир бўлди. АҚШ ҳарбийлари бу улар уюштирган назоратли портлашлар ҳақида кетаётганини тушунтирди.

Аввалроқ, АҚШ расмийлари аэропорт ҳудудида терактлар хавфи борлиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирганди. Бу ҳақда Британия Мудофаа вазирлиги ҳам хабар берган. Теракт хавфи туфайли Ғарб давлатлари эвакуацияни тезроқ тугатишга ҳаракат қилишган.