Ҳозир бўлиб ўтаётган президент ва ишбилармонлар мулоқотида Шавкат Мирзиёев кейинги йилларда тадбиркорлар иқтисодиёт ва ислоҳотлар таянчи ҳамда локомотивига айлангани таъкидлади, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Уларда ҳозирги кунда, 5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшларимиз меҳнат қилмоқдалар», — деди у.

«Агар биз, иқтисодиётимизни янада юксалтирамиз десак, тадбиркорликни ривожлантириш учун, барча имконият ва шароитларни яратиб беришимиз зарур… Мен бугун изланишга келдим, сизларни тинглашга келдим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Сўнгги 3−4 йилда тадбиркор учун кредит ва субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда,кўплаб янги-янги имконият ва шароитлар яратилгани айтилди.

«Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хом ашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг кўп́ига, барҳам берилди. Энг асосийси, эл орасида ва давлат идораларида тадбиркорларга нисбатан муносабат ўзгарди, жамиятда уларнинг обрў ва мавқеи, кун сайин тобора ортиб бормоқда. Натижада, ички ва ташқи бозорда ўз мустаҳкам ўрнига, нуфузи ва брендига эга бўлган, ҳақиқий тадбиркорларимиз синфи шакллана бошлади», — деди давлат раҳбари.

Аввалроқ, президент тадбиркорлар билан ишламаётган ҳокимларни танқид қилган эди. «Президент вақт топаяпти, нега ҳокимлар вақт топмайди? Мана ҳозир вилоят, шаҳар, туманларни ҳокимлари ўтирибди, улар яхшилаб эшитиб олиши керак», — деган эди Шавкат Мирзиёев.