UzAuto Motors компанияси Chevrolet Spark автомобили учун шартнома тузиш қайта бошланганини эълон қилди. Мазкур модел учун шартномаларни UzAutoSavdo мобил иловаси орқали тузиш мумкин.

«Ўзавтосаноат» матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, тизим мавжуд комплектациялар бўйича барча шартномалар сотиб бўлинганидан сўнг шартнома тузишни автомат равишда тўхтатади. Яъни тизим завод йиға олиши мумкин бўлган автомобиллар сонидан кўпроқ шартнома тақдим этмайди.

Автоишлабчиқарувчи автомобилларни етказиб бериш муддатлари глобал миқёсда микрочиплар тақчиллиги кузатилаётгани боис кечикиши мумкинлигини қайд этди. Шу муносабат билан янги шартномалар бўйича Spark автомобилини етказиб бериш 2022 йилнинг февралидан бошланади.

Аввалроқ «Газета.uz» 2021 йилнинг олти ойи якунлари бўйича UzAuto Motors ишлаб чиқариш ҳажми 24 фоизга камайганига қарамасдан, соф даромадини қарийб 70 фоизга — 902,6 млрд сўмга (84,6 млн доллар) оширишга муваффақ бўлгани ҳақида хабар қилган эди.Жумладан, Spark, Nexia, Gentra ва Cobalt (Damas ва Laboдан ташқари) — ишлаб чиқаришни 143 мингтадан 108,7 мингтага (24 фоизга) камайтирган.

Биринчи олти ой ичида Ўзбекистон 194 млн долларлик автомобиль экспорт қилди. Қозоғистон асосий бозор бўлиб қолмоқда — ярим йилда ушбу мамлакатга 181,9 млн долларлик маҳсулот етказиб берилди, бу экспортнинг 93,7 фоизи демакдир. Кейинги ўринларда Афғонистон ($5,7 млн), Украина ($2,3 млн) ва Россия ($1,9 млн) бормоқда.

Глобал миқёсдаги микрочиплар тақчиллиги

РБКнинг ёзишича, маиший элеткроника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари қарийб бир йилдан буён чиплар тақчиллигидан азият чекмоқда. Пандемия вақтида смартфон, ноутбук, стол компьютерлари, «ақлли» телевизорлар, автомобиллар ва интернетга уланадиган қурилмаларга талаб ошиб кетди. Шу каби ҳар бир ускуна унинг «мияси» бўлган чиплар асосида ишлайди. Микрочиплар ишлаб чиқарувчилари эса ошиб кетган талабни қаноатлантира олмай қолди.

TrendForce таҳлилчилари дунёда микросхемаларга бўлган талаб мавжуд таклифлардан 10−30 фоизга ошиб кетганини аниқлади. Susquehanna Financial Group маълумотларига кўра, 2021 йилнинг биринчи тўрт ойида ярим ўтказгичлар ишлаб чиқарувчилари буюртмаларни бажаришда кескин ортда қолишни бошлади. Йирик компаниялар микросхемаларни 17 ҳафтагача, кичиклари эса бир йилгача кутишга ёки лойиҳалардан бутунлай воз кечишга мажбур бўлмоқда.

Нашрнинг аниқлик киритишича, чиплар тақчиллиги автомобиль ишлаб чиқаришга ҳам таъсир кўрсатди. Дунёнинг йирик автоконцернлари 2021 йил бошидаёқ машиналар ишлаб чиқариш режаларини пасайтиришга тўғри келаётганини маълум қилган эди. Бу каби муаммолар Nissan, Honda, Ford, Fiat Chrysler, Volkswagen, Suzuki, Subaru ва бошқаларда кузатилди. «АвтоВАЗ» ҳаттоки Vesta, Xray ва Largus каби Lada автомобилларини магнитоласиз чиқаришни бошлади. Автоишлабчиқарувчи 2021 йилда 110 млрд доллардан кўпроқ зарар кўрмоқда.

Cisco раҳбари Чак Роббинс микросхемалар тақчиллиги 2021 йил кузига қадар кучли сезилишда давом этишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, компания ҳозирда ўлиқ қувватда ишламоқда ва вазият келгуси 12−18 ой ичида яхшиланади. TSMC эса яримўтказгичлар тақчиллиги 2022 йилда ҳам сақланиб қолади, деб ҳисобламоқда.