Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистон доимий аҳолисининг этник таркибига оид статистик маълумотларни эълон қилди.

Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига мамлакатда доимий аҳоли сони 34,6 млн кишини ташкил этган.

Доимий аҳоли таркибида энг йирик этник гуруҳлар ўзбек, тожик, қозоқ, қорақалпоқ ва рус миллатига мансуб кишилардан иборат.

Статистика қўмитаси маълумотлари асосида «Газета.uz» томонидан тайёрланди.

Статистика қўмитаси тақдим қилган маълумотларга қараганда, Республикада доимий аҳолининг этник таркиби қуйидагича:

  • ўзбеклар — 29,2 млн киши;
  • тожиклар — 1,7 млн киши;
  • қозоқлар — 821,2 минг киши;
  • қорақалпоқлар — 752,7 минг киши;
  • руслар — 720,3 минг киши;
  • қирғизлар — 291,6 минг киши;
  • туркманлар — 206,2 минг киши;
  • татарлар — 187,3 минг киши;
  • корейслар — 174,2 минг киши;
  • украинлар — 67,9 минг киши;
  • озарбайжонлар — 41,2 минг киши;
  • беларуслар — 18,5 минг киши;
  • бошқа миллатлар — 426,4 минг киши.

Ўзбекистон аҳолисининг этник таркибига оид мавжуд 1989 йилдаги маълумотларга кўра, энг йирик этник гуруҳларни ўзбек, рус, тожик, қозоқ ва татар миллати вакиллари ташкил қилган. Хусусан, ўзбеклар жами аҳолининг 71,2% ини ташкил этган.


2000 йилдаги Этник атласда қайд этилишича, йирик этник гуруҳлар кетма-кетлиги ўзбек, рус, тожик, қозоқ ва қорақалпоқлардан иборат бўлган. 2000 йилда жами аҳоли таркибида ўзбек миллатига мансуб аҳоли улуши 77,4% ни ташкил қилган.


Мамлакатда туб аҳоли — ўзбек миллатига мансуб аҳоли сони 2021 йилга келиб 1989 йилга нисбатан икки баравардан зиёдга (107%га) кўпайган. Шунингдек, тожик, қорақалпоқ, қирғиз ҳамда туркман миллати вакиллари сони сезиларли даражада ўсган. Ушбу давр мобайнида деярли барча йирик этник гуруҳлар сон жиҳатдан кўпайиб борган бўлса, рус миллатига мансуб аҳоли 1 млн (57,6%га) кишига камайган.


Статисика қўмитаси, 1989 йилги аҳоли рўйхати ва 2000 йилги Этник атлас маълумотлари асосида «Газета.uz» томонидан тайёрланди

Маълумот учун, 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 34,86 млн кишини ташкил қилаётган эди.