Ўзбекистон Молия вазирлиги «Очиқ бюджет» порталида Ташаббусли бюджет жараёнининг 3-босқич овоз бериш натижалари тўғрисида маълумот берди. Гап фуқароларнинг 286,56 млрд сўм ажратиладиган ташаббусларига овоз бериш жараёни ҳақида кетмоқда.

Ташаббусли ёки партисипатор бюджетлаштириш — бу аҳолининг ташаббусларини ҳисобга олган ҳолда бюджет маблағларининг муайян бир қисмини сарфлаш бўйича уларнинг бевосита иштирокида қарорлар қабул қилиш ҳамда қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилишини кузатиш амалиётидир.

Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 16 август ҳолатида ҳудудлар кесимида келиб тушган таклифлар сони — 41125 та. Ушбу босқич доирасида қабул қилинган ва овоз бериш босқичига ўтказилган таклифлар сони — 21832 та (53%). Тегишли ҳудудлардаги ишчи комиссия томонидан рад этилган таклифлар сони эса 19293 та яъни (47%) га етди.

Шунингдек, ҳудудлар кесимида фуқаролар томонидан берилган овозлар сони — 22954 тага етди. Шундан, овоз бериш жараёнига фуқаролар жалб этилган туман ва шаҳарлар сони — 189 тани ташкил этмоқда.

3- босқич овоз бериш жараёнида фуқаролар томонидан биронта овоз берилмаган туман ва шаҳарлар сони — 16 тани ташкил этди.

«Газета.uz» аввалроқ «Ташаббусли бюджет» ҳақида батафсил маълумот берган эди. Мазкур лойиҳа орқали фуқаролар инфратузилмани яхшилаш, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончалари, ички йўлларни қуриш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг тақсимланишида иштирок этишлари мумкин.

Бюджет шаклланиши жараёнида жамоатчилик иштирокини кенгайтириш мақсадида туман ва шаҳарларда тегишли бюджетларнинг тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш бўйича янги тартиб босқичма-босқич жорий этилади. Ҳозир ушбу тартиб Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида битта туман ёки шаҳарда жорий қилинган (жами 14), 2022 йил 1 январдан бошлаб эса бу тартиб мамлакатнинг барча туман ва шаҳарларида жорий қилинади.

Овоз беришга қўйилган лойиҳаларга мисоллар

Тошкентнинг Олмазор туманидаги 18-оилавий поликлиника филиалини 200 миллион сўмга реконструкция қилиш. Ташаббус 109 овоз тўплади.

Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги 29-мактабда 120 млн сўм эвазига ҳожатхона қуриш. Овозлар — 5 та.

Фарғона шаҳридаги 41-сонли болалар боғчасини 800 млн сўм эвазига капитал таъмирлаш. Овозлар — 269 та.

Навоий вилояти Кармана туманидаги «Ўзбекистон» маҳалласининг Чутқара массивида 500 млн сўмлик сув қувурларини алмаштириш. Овозлар — 8 та.

Барча ташаббуслар билан танишиш ва овоз бериш учун ҳавола.