Январь-июль ойлари давомида Фарғона вилоятида велосипедчилар иштирокида 168 та ЙТҲ содир бўлган. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 29 нафар фуқаро вафот этган бўлса, 142 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатларини олган.

Таъкидланишича, велосипедчилар боғлиқ ЙТҲларнинг асосий қисми тунги вақтларда содир бўлган.

«Чунки тунги вақтларда керакли нур қайтарувчи жиҳозлари мавжуд бўлмаган велосипедларни ҳайдовчилар кўрмаслиги натижасида уриб юбориш ҳолатлари кузатилмоқда», — дейилади хабарда.

Амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига кўра, йўлда велосипед, аравани бошқариш, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонларни ҳайдаб ўтиш 14 ёшдан катта бўлган шахсларга рухсат этилади.

Велосипед товушли ишора мосламаси билан жиҳозланган ва тормоз тизими соз бўлиши зарур. Қоронғи вақтда ва етарлича кўринмаслик шароитида ҳаракатланиш учун велосипеднинг олд томонига оқ рангли нур қайтаргич ва чироқ, орқа томонига қизил рангли нур қайтаргич ва чироқ, ён томонларига эса, зарғалдоқ ёки қизил рангли нур қайтаргич ўрнатилиши керак.

Велосипедлар йўлнинг четки ўнг бўлагида имкони борича ўнг томонидан бир қатор бўлиб ҳаракатланишига йўл қўйилади. Агар пиёдаларга халақит бермаса, йўл ёқасидан ҳаракатланишга ҳам рухсат этилади.