ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирида Денов тумани тиббиёт бирлашмасида ҳайдовчи бўлиб ишловчи, 1984 й.т. шахс 3 кг. 857 гр. «опий» моддаси билан қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА ДХХ матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида гиёҳванд моддани мазкур шахснинг Тожикистондаги жиноий алоқалари контрабанда йўли билан Ўзбекистон ҳудудига ўтказиб берганликлари маълум бўлди.

Наманган вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Уйчи туманида яшовчи, 1987 й.т. шахс ва унинг жиноий шериги Фарғона вилояти Бағдод туманида истиқомат қилувчи, 1978 й.т., муқаддам судланган фуқаро томонидан Қирғизистондан олиб келинган 6 кг 813 гр «гашиш» моддаси процессуал тарзда расмийлаштириб олинди.

Андижон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қорасуу туманида яшовчи, 1983 й.т. Қирғизистон фуқароси ва унинг жиноий шериги бўлган 1959 йилда Қирғизистонда туғилган, Россия фуқароси ушланиб, улардан 1 кг 413 гр «гашиш» моддаси тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Кейинроқ аниқланишича, наркотик моддалар келгусида сотиш мақсадида қўшни Қирғизистондан Ўзбекистон ҳудудига олиб ўтилган.

Қўқон шаҳрида яшовчи 1981 й.т. фуқаро ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш мақсадида Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қизилқия шаҳрига бориб, Азамат исмли шахс билан учрашади ва унга 1 кг «гашиш» моддасини Фарғона шаҳрига етказиб бериш шарти билан 2000 АҚШ доллари бериб, яшаш манзилига қайтиб келади.

Орадан маълум муддат ўтиб, у «Фарғона — Қўқон» автобекатида гиёҳванд моддани қабул қилиб олиб, Қўқон шаҳрига кетаётганида ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган. Экспертиза хулосасига кўра, ундан процессуал тартибда олинган «гашиш» моддасининг соф оғирлиги 911 граммни ташкил этди.

Яна бир ҳолатда, Фарғона вилояти Қува тумани ҳудудида тўхтатилиб, текширилган «Gentra» русумли автомашина йўловчиси Олтиариқ туманида яшовчи 1974 й.т., муқаддам судланган фуқаронинг ёнида 599 гр. «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштириб олинган.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 3 кг 857 гр «опий» ва 9 кг 736 гр «гашиш» гиёҳванд моддалари мусодара қилинди.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида уларнинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.