15 август куни «Толибон» ҳаракати Афғонистон ҳудудлари ва чегараларида ўз назоратини ўрнатганлигини эълон қилди. Ашраф Ғани қон тўкилишининг олдини олиш мақсадида Афғонистонни тарк этди. Президент саройини қўлга киритган «Толибон» ҳаракати аъзолари эса Афғонистон Ислом амирлиги тузилганини эълон қилишини таъкидлаган.

The Guardian нашри Кобулдаги вакилига таяниб, мазкур воқеалар фонида Кобулдаги афғон аёли — талаба қизнинг кечинмалари ёритилган мақолани эълон қилди. «Газета.uz» мазкур мақоланинг таржимасини тақдим этади.

Кобулдаги афғон аёли

Якшанба куни эрта тонгда университетга дарс машғулотига кетар эканман, бир гуруҳ қизлар қизлар ётоқхонасидан ташқарига чопиб чиқиб келишди. Нима гаплигини сўрадим. Қизлардан бири «Толибон Кобулга кириб келганлиги, улар паранжисиз аёлларни калтаклашлари сабаб полиция уларни эвакуация қилаётганлигини айтди.

Ҳаммамиз уй-уйимизга кетишни истардик, бироқ жамоат транспортидан фойдалана олмадик. Ҳайдовчилар бизни машиналарга олишмасди, чунки аёлларни ташиганлик учун жавобгарликни зиммаларига олишни хоҳламасдилар. Кобул ташқарисидан бўлган, қаерга боришни билмай боши қотган ва ичида қўрқув бўлган ётоқхонадаги қизлар учун аҳвол янада ёмонроқ эди.

Бу пайтда атрофдаги эркаклар қўрқувимиздан кулиб, қиз ва аёлларни масхара қилардилар.

«Боринг, чодираларингизни (бурқа) кийинг», — деди биттаси.

«Бу сизларнинг кўчада ўтказган охирги кунларингиз», — дерди бошқаси.

«Сизларнинг тўрттангизни бир кунда никоҳимга оламан», — дерди учинчиси.

Ҳукумат идоралари ёпилгач, опам уйга етиб олиш учун бир неча километр йўл босиб шаҳар оралаб чопиб келибди. «Тўрт йил давомида халққа ва жамиятга хизмат қилишимга кўмаклашган шахсий компютеримни минг изтироб билан ўчирдим» — деди у. «Юм-юм йиғлаб иш столимни тарк этдим, ҳамкасбларим билан хайрлашдим. Бу охирги иш куним эканлигини сезиб турардим».

Мен Афғонистондаги энг яхши университетларнинг иккитасидан бир вақтнинг ўзида иккита бакалавр даражасини олиш арафасида эдим. Ноябрда Афғонистондаги Америка университети ва Кобул Университетида ўқишни тамомлашим керак эди, лекин бугун тонгда кўз ўнгимда ҳамма нарсанинг кули кўкка совурилди.

Бугунги даражамга эришиш учун кечаю-кундуз меҳнат қилгандим. Бугун уйга етиб борганимда эса опаларим билан биринчи қилган ишимиз ID карталаримиз (талабалик гувоҳномаси назарда тутилмоқда — таҳр.), диплом ва сертификатларимизни яшириш бўлди. Бу ниҳоятда оғир эди. Нега аслида фахрланишимиз керак бўлган нарсаларни беркитишимиз керак? Энди биз Афғонистонда борлигимизча тан олинишга ҳақли эмасмиз.

Мен, аёл сифатида, ўзимни эркаклар бошлаган бу сиёсий урушнинг қурбонидек ҳис қиляпман. Ортиқ қаҳ-қаҳ уриб кулолмаслигим, севимли қўшиқларимни тинглолмаслигим, дўстларим билан ўзимиз ёқтирган кафеда учрашолмаслигимиз, севимли сариқ кўйлагимни кия олмаслигим ва пушти лаб бўёғимни суролмаслигимни ҳис қилдим. Ортиқ ишга ҳам боролмайман бир неча йиллар меҳнат қилиб эришмоқчи бўлганим — университет даражасини тамомлашга ҳам имконим йўқ.

Тирноқларимни бўяшни ёқтирардим. Бугун уйга қайтар эканман, маникюр қилдириш учун ўзим кириб турадиган гўзаллик салонига кўзим тушди. Унинг рўпарасидаги олд тарафи чиройли қизларнинг суратлари билан безатилган дўконни тунда оқлаб қўйишибди.

Атрофимда фақат аёлларнинг қўрқинч тўла юзлари ва аёллардан нафратланадиган, уларнинг таълим олиши, ишлаши ва эркин бўлишини ёқтирмайдиган эркакларнинг чиркин нигоҳлари эди. Энг оғриқлиси, уларнинг айримлари хурсанд кўринар ва аёлларни мазах қиларди. Бугун улар ёнимизда туриш ўрнига «Толибон»нинг ёнида туриб, уларга янада кўпроқ куч бағишлашмоқда.

Афғон аёллари уларга берилган кичкина эркинлик учун ҳам кўп қурбонликлар беришган. Етимликда ўсиб, таълим олишим учун гилам тўқидим. Кўп молиявий қийинчиликларга учрадим. Лекин келажагим учун режаларим талайгина эди. Ҳаммаси бундай тугашини хаёлимга ҳам келтирмагандим.

Бугун 24 йиллик ҳаётим давомида эришган ҳамма нарсамни ёқиб юборишимга тўғри келадиганга ўхшайди. Энди Америка университети ID картаси ёки мукофотларига эгалик қилиш хатарли, ҳатто сақлаб қўйганимизда ҳам улардан фойдалана олмаймиз. Афғонистонда иш йўқ биз учун.

Вилоятлар бирин-кетин толиблар қўлига ўтаётган бир пайтда мен қизларга хос гўзал орзуларим ҳақида ўйлардим. Онамнинг «Толибон» даври ва уларнинг аёлларга нисбатан муносабати тўғрисидаги ҳикояларини ёдга олиб, опаларим билан кечалари ухлолмай чиқардик.

Яна асосий ҳуқуқларимизнинг баридан маҳрум бўлишимиз ва 20 йил орқага қайтишимизни сира кутмагандим. 20 йил асосий ҳуқуқларимиз ва эркинлигимиз учун курашгач, энди паранжи [киймаганлигимиз] сабаб таъқибга учрашимиз ва шахсимизни яширишимиз лозим.

Ўтган бир неча ойда «Толибон» вилоятларда назоратни ўз қўлига олар экан, юзлаб одамлар уйларини ташлаб, аёллари ва қизларини асраб қолиш учун Кобулга келишди. Улар хиёбонларда ёки кўча-кўйда яшаб юришибди. Мен нақд пул, озиқ-овқат ва бошқа эҳтиёжлар учун хайрия йиғиш ва тарқатиш орқали уларга ёрдам бераётган бир гуруҳ Америка университети талабалари сафида эдим.

Баъзи оилаларнинг ҳикоясини эшитганимда кўз ёшларимни тўхтатолмай қолдим. Улардан бири урушда ўғилларидан айрилишган экан. Кобулга келиш учун таксига тўлашга пуллари йўқ. Шунинг учун йўл ҳақи эвазига келинларини бериб юборишибди. Қандай қилиб аёлнинг қиймати бир марталик йўл ҳақига тенг бўлиши мумкин ахир?!

Мана бугун «Толибон» Кобулга етиб келганлигини эшитганимда ўзимни қул бўлиш арафасида турганимни ҳис қилдим. Улар менинг ҳаётимни истаганларича ўйин қилишлари мумкин.

Инглиз тили ўқитиладиган марказда ўқитувчи бўлиб ишлардим. Энди ўқувчилар олдида туриб, уларга севимли алифболарини куйлашни ўргата олмаслигимни ўйлашга тоқатим етмаяпти. Ҳар сафар гўзал, миттигина ўқувчи қизларим мактабни ташлаб, уйда ўтиришлари кераклиги эсимга тушса, кўз ёшларимни тиёлмаяпман.