Президент «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида кўплаб инсонларнинг бандлиги ва даромади масаласи бевосита тадбиркорлик тузилмалари билан боғлиқ эканлигини таъкидлаб ўтди.

Давлат раҳбарининг қайд этишича, сўнгги йилларда республикада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари сони икки баробар ортган. Соҳада фаолият юритаётган корхоналарнинг 50 фоиздан ортиғи сўнгги уч йилликда ташкил этилган. Соҳада амалга оширилган бу каби ишлар жамиятда ўрта синфнинг кучайиши учун замин яратади.

«Тадбиркорлар уларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги чиройли сўзларни кўп эшитган, энди бу гапларнинг амалий таъсири ва натижасини ўз кундалик фаолиятида ҳис этиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, у тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ қонунчилигини такомиллаштириш, айрим маҳаллий ҳокимият органлари томонидан тадбиркорлар фаолиятига аралашувлар, «телефон ҳуқуқи»дан фойдаланиб тазйиқ ўтказиш ҳолатларига чек қўйиш устида иш олиб борилаётганлигини маълум қилди.

«Агар биз тадбиркорларни қўллаб-қувватламасак, уларга шароит яратиб бермасак, хусусий корхоналар сонини кўпайтирмасак, шаҳар ва туманларнинг маҳаллий бюджети ночор аҳволда қолаверади», — деди давлат раҳбари.