Фарғона вилоятидан бўлган аёл блогер Ақида Ханумга берган интервьюсида 11 ёшли ўғли икки йил давомида ўз амакиси (1973 й. т.) томонидан жинсий тажовузга учраганини маълум қилди.

Ўғлининг зўрлангани ҳақида билган аёл турмуш ўртоғига: «Акангиз буни қилган экан, наҳотки эшитмадингиз?» — деб сўраган. У: «Ҳа, эшитдим, мен нима қила олардим? Акам бўлса. Уни сўйиб ташлай олмайман-ку», — дея жавоб берган.

«Нима учун турмуш ўртоғининг акаси устидан ички ишлар органларига ариза ёзмадингиз? Фақатгина ноқулай бўлгани учунми?» Ақида Ханумнинг бу саволларига аёл бош ирғаб жавоб берди.

Аёл эри билан уч фарзандни улғайтирмоқда. У улар тез-тез жанжаллашиб қолганини айтди. Эри уйни сотиб, уни болалари билан кўчага ҳайдаб солгани, шу сабабли бир муддат улар чодирда яшаганини маълум қилди.

Бола етти ёшида аёлнинг қайнотаси тарбиясига берилган. Улар бир участкада яшашган. Бола кўзида ёш билан ҳаммаси 2018 ёки 2019 йилда бошланганини айтиб берган. У оғриқни ҳис қилган, бироқ қариндошларига айтишдан уялган. Ниҳоят бу ҳақда бувисига айтган, бироқ у ҳеч қандай чора кўрмаган.

Ўтган йилнинг май ойида она боласини шифокорга олиб борган. Ҳодиса ҳақида шифокордан ташқари участка нозири ҳам билган, бироқ у ҳеч қандай чора кўрмаган, чунки ота-онасидан ариза келиб тушмаган.

Ақида Ханум ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат йўллашини маълум қилди. Хабар эълон қилинган вақтда расмий тузилмагандан ҳеч қандай муносабат билдирилмаган.

Эслатиб ўтамиз, май ойида Бухоро вилоятида эркак кишининг 14 ёшли қизни зўрлагани учун уч йил муддатга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар қилинган эди.