Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши эмланган. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов душанба кунги брифингда маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Давлат раҳбари масъулиятли фуқаро сифатида коронавирусга қарши эмланди. Ўша вақтда Ўзбекистонда 3 та вакцина рўйхатдан ўтган эди. Булар: хитой-ўзбек, „Спутник V“ ва AstraZeneca вакциналари. Президент шу вакциналардан бири билан тўлиқ эмланган», — дейди Шерзод Асадов.

Аввлароқ, Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларни эҳтиёт бўлиб, коронавирусга қарши фаол эмланишга чақирган эди.