Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари аҳолини огоҳликка, бефарқ бўлмасликка ва фаолроқ эмланишга чақирди, дея хабар бермоқда президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Жуда катта машаққатлар билан вакциналарни олиб келяпмиз. 4 август куни яна 3 млн доза вакцина Америкадан келади. Ҳозир ҳам вакцина бор, лекин одамлар ишонмаяпти», — деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, 20 ва 21 июль кунлари Ўзбекистонга жами 2 млн доза вакцина олиб келинди. Жами вакцина захираси 21 июль ҳолатига кўра, 9 млн 580 минг дозани ташкил қилмоқда. Улардан 370 минг дозаси «Спутник V», 710 минг дозаси AstraZeneca, 8,5 млн дозаси ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидир.

Аввалроқ, Республика махсус комиссиясининг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда 21 млн аҳолини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилгани ҳақида хабар берилган эди.