Президентнинг 26 июлдаги «Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги (ПҚ-5198-сон) қарори қабул қилинди.

Адлия вазирлиги хабар беришича, ҳужжат билан 2021−2022 йилларда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари таркибида 35 та Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари босқичма-босқич ташкил этилади.

Қуйидагилар марказларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

  • қўшма шикастланишлар ҳамда ўткир қон-томир касалликлари билан тиббий ёрдамга муҳтож беморларга шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш;
  • ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилиги мавжуд беморларга гемодиализ хизматини кўрсатиш.

Марказларга ҳудудлардаги аҳоли сонидан келиб чиқиб, шошилинч тиббий ёрдам ва умумий жарроҳлик бўлимларининг умумий ўринлари сони доирасида 50 тадан 60 тагача ўринлар ажратилади. Шунингдек, ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасалари штат бирликлари доирасида қўшимча нейрохирург, невролог, кардиолог, анестезиолог-реаниматолог ва бошқа штатлар киритилади.

Қарорга мувофиқ, 2021−2023 йилларда болалар, туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларни профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Мазкур дастурни амалга ошириш учун жами харажатлар миқдори 264,5 млрд. сўмни ташкил этади.

Шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан ОТМда нефрология ва гемодиализ кафедралари фаолияти йўлга қўйилади.