Президент 24 июлдаги «Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги [ПФ-6269-сон] фармонни имзолади. Бу ҳақда «Газета.uz»га Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, 2022 йил 1 январдан Ўзбекистон фуқароси, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картаси ҳамда Ўзбекистон фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам амалга оширилади.

Аввалроқ, янги йил бошидан хорижга чиқиш учун паспортини олиш хизмати нархи БҲМнинг 1 баравари — 245 минг сўм [амалда БҲМнинг 1,2 баравари — 294 минг сўм] этиб белгиланиши ҳақида ёзган эдик.

Бундан ташқари, ДХМлар ва ЯИДХП орқали босқичма-босқич жорий этиладиган давлат хизматлари рўйхати — 87 та, қолаверса, 1 январдан кўрсатиш муддатлари қисқартириладиган давлат хизматларининг айрим турлари рўйхати — улар 59 та тасдиқланди.

Шунингдек, 1 январдан жисмоний шахсларга айрим фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи малака сертификатларини бериш ҳамда уларни ушбу мақсадда аттестациядан ўтказиш учун мурожаатлар электрон шаклда қабул қилинади.

Бунда имтиҳон жараёнлари узлуксиз видеотасвирга (овозли) туширилади ва видеотасвир камида бир йил сақланади.

2021 йил 1 ноябргача «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш ягона ахборот тизимининг (OneID) янги талқини ҳамда унинг мобиль иловаси ишлаб чиқилади.

Бунда, масофавий идентификация қилишни йўлга қўйиш, давлат хизматидан фойдаланишда шахсни мобиль алоқа телефони орқали тасдиқлаш, давлат хизматларини кўрсатиш ҳолати тўғрисида абонентларга SMS-хабар юбориш имконияти яратилади.