2022 йилнинг 1 январидан бир қатор давлат хизматлар учун ундириладиган тўловлар камайтирилади ва айримлари учун тўлов бекор қилинади. Бу президентнинг 24 июлдаги тегишли фармонида ўз аксини топган.

Жумладан, янги йилдан Ўзбекистон фуқароларига хорижга чиқиш учун биометрик паспорт олиш хизмати нархи БҲМнинг 1 баравари — 245 минг сўм [амалда БҲМнинг 1,2 баравари — 294 минг сўм] этиб белгиланмоқда.

Тадбиркорлик субъектларига давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисида янги намунадаги гувоҳнома бериш БҲМнинг 20 фоизи — 49 минг сўмни [амалда БҲМнинг 1 баравари — 245 минг сўм] ташкил этади.

Адвокатлик бюроларини, адвокатлик фирмаларини ва адвокатлар ҳайъатларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун БҲМнинг 1 баравари — 245 минг сўм тўлов [амалда БҲМнинг 2 баравари — 490 минг сўм] ундирилади.

Шунингдек, хусусий бандлик агентликлари реестрига киритиш янги тартиб билан бепул [амалда БҲМнинг 1 баравари — 245 минг сўм] бўлади.

Бундан ташқари, ҳужжат билан 1 январдан бошлаб давлат хизматларини кўрсатганлик учун ундириладиган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг давлат хизматини кўрсатиш учун масъул давлат органлари ва ташкилотлари ҳисобига йўналтириладиган қисмининг камида 20 фоизи ушбу ташкилотда ахборот технологияларини ривожлантириш, шунингдек, қоғоз кўринишдаги ҳужжатларни рақамлаштириш учун йўналтирилади.

Молия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда давлат органлари ва ташкилотларида мазкур маблағларнинг ахборот технологияларини ривожлантириш, шунингдек, қоғоз кўринишдаги ҳужжатларни рақамлаштириш учун йўналтирилишини доимий равишда мониторинг қилиб боради.