Иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров «Ular» лойиҳасида Грузиядаги электр энергияси тизими ҳақида фикр билдириб, уни Ўзбекистондаги ҳолатлар билан солиштирган эди.

Бакиров Саакашвили ислоҳотларидан аввал Грузияда электр энергияси бепул бўлганлиги, лекин унинг ўзи бўлмаганлигини эслаган. «Бизда реформалар нега бўлмаяпти десангиз бизда аввал „текин“ эди, лекин бўлмаган. Ҳозир свет қиммат, лекин барибир йўқ. Грузия реформасидан фарқимиз шу», — дея таъкидлаган эди у.

«Ҳудудий электр тармоқлари» матбуот хизмати мазкур фикрлар юзасидан муносабат билдирди.

«Ўзбекистонда электр энергияси таъминотида фавқулодда ҳолатларни инобатга олмаса, тақчиллик кузатилмайди. Тўғри, қишнинг совуқ кунлари газ танқислиги сабаб иситиш мосламалари, ёҳуд ёзнинг жазирамаси, аномал иссиқ кунларида электр энергияси сарфи юқори бўлган совитиш ускуналаридан фойдаланиш тизимда ишлаб чиқаришга нисбатан истеъмол юкламасини келтириб чиқаради, ва натижада маълум муддат узилишлар кузатилади. Бироқ бу, муаллиф таъкидлаганидек, Ўзбекистонда электр энергияси йўқ, дегани эмас…», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, иқтисодчи томонидан Грузия ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги электр энергияси ишлаб чиқаришдан то уни етказиб беришгача бўлган босқичлар атрофлича таҳлил қилинмаган. «Грузияда электр энергиясининг 75 фоизи асосан табиий ресурслардан, бир неча фоиз арзон ва экологик тоза гидростанцияларда ишлаб чиқарилиши, Ўзбекистонда эса бу борадаги имконият умумий электр энергияси ишлаб чиқаришининг 10 фоизини ташкил этиши ҳисобга олинмагани таассуф уйғотади», — дея қўшимча қилинади хабарда.

«Ҳудудий электр тармоқлари»нинг маълум қилишича, Грузия Энергетик платформасининг ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатда истеъмол қилинадиган 1741 МВт электр энергиясидан 1129 МВт, яъни 65 фоизи Россия, Озарбайжон ҳамда Туркия давлатларидан импорт қилинади. Ўзбекистонда электр энергияси импорти асосан, ёзнинг иссиқ кунлари ва қишнинг совуқ кунларида электр тармоқларида юкламанинг кескин ортиши билан боғлиқ бўлиб, умумий истеъмолнинг 7−8 фоизини ташкил этади.

«Бундан ташқари Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқаришнинг бир мунча қиммат усули, яъни иссиқлик электр станциялари ҳиссасига тўғри келиши (87%) ҳисобга олинса, икки мамлакат ўртасидаги таҳлиллар 2019−2020 йилда аҳоли учун 1 кВт⋅с электр энергияси тарифи Грузияда — 0,62 центдан 0, 66 центга ошганлиги, юртимизда эса бу кўрсаткич 2019 йилдан бери — 0,27 центдан ўзгаришсиз қолганлигини ҳам кўришимиз мумкин», — дейилади компания муносабатида.

Қўшимча қилинишича, фикр билдиришда истеъмолчилар умумий сони ҳам инобатга олиниши керак эди. Қайд этилишича, айни пайтда республикада истеъмолчилар сони 7,4 млндан ортиқни ташкил этади, Грузияда эса бу кўрсаткич — 1,7 млн.