Иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров «Ular» лойиҳасида Грузиядаги жамоат транспорти, экология ҳамда газ ва свет тизими ҳақида фикр билдириб, уни Ўзбекистондаги ҳолатлар билан солиштирди.

«[Грузиядаги] қайси шаҳарга борсангиз, агар у шаҳарда сиз яшовчи бўлмасангиз, сиз учун биринчи ўринда ҳаракатланиш учун макон керак, иккинчиси жамоат транспорти керак. Макон ва жамоат транспорт орқали сиз қаерга бориш мумкинлигини яқин-атрофдагилардан сўраб олишингиз мумкин. Сўнгги 5−6 йил давомида бизнинг Тошкент, Фарғона, Андижон каби йирик шаҳарларимизда муаммо бўлиб келган нарсалар — биринчиси, жамоатчилик макони йўқлиги, иккинчиси жамоатчилик транспорти муаммоси йилдан-йилга кучайиб кетаётгани», — дейди у.

Отабек Бакировнинг қўшимча қилишича, Грузия жамоат транспорти учун ишлатиладиган жамоат картаси барча шаҳардаги жамоат транспортларига ўтади.

«Ушбу универсал картани (Грузия жамоат транспортлар учун ишлатилатиладиган карта — таҳр.) нафақат автобусда, метрода, ҳатто туристларни Тбилисининг (Грузия пойтахти — таҳр.) юқори қисмига олиб чиқувчи канат тизимида ҳам ўтиши ва ундан ҳам кейин, бутунлай бошқа шаҳар, 500 км узоқликдаги Батумида ҳам ўтиши мени ҳайрон қолдирди. Турист ушбу мамлакатга келгандан кейин унинг транзакцион ҳаражатлари минималлаштирилган», — дейди иқтисодчи.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонни ҳам Грузия, Туркия сингари туристик мамлакатга айлантириш учун бу тўғрисида ҳам ўйлаш керак.

Шунингдек, Отабек Бакиров Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилининг ислоҳотлари ҳақида ҳам гапириб ўтди. Унинг фикрича, ислоҳотлардан аввал Грузияда свет бепул бўлган, лекин светнинг ўзи бўлмаган. «Бизда реформалар нега бўлмаяпти десангиз бизда аввал „текин“ эди, лекин бўлмаган. Ҳозир свет қиммат, лекин барибир йўқ. Грузия реформасидан фарқимиз шу», — дея қўшимча қилади у.

Иқтисодчи Грузия газ ишлаб чиқармаслигига, ҳамма газни Озарбайжондан олишига эътибор қаратди.

«Озарбайжоннинг „SOCAR“ деган катта корпарацияси бор. [Грузия] улар билан ҳар 5 йилга шартнома тузади. 5 йилда тарифлар ўзгартирилмайди, музлатилади. Газнинг 1 куб нархи 57 тетри, бизнинг пулга 1 680−1 700 сўмларга тўғри келади (57 тетри = 1 900 сўм — таҳр.). Солиштириш учун айтаман, Ўзбекистонда 1 куб газ аҳоли учун 400 сўм, бизнес 1000 сўмдан юқори тўлайди. Лекин Ўзбекистондан фарқли равишда газ бўйича ўчиб қолиш деган нарса йўқ», — дейди у.

Отабек Бакиров экология тизими ва дарахтлар муаммоси ҳақида ҳам фикр билдириб ўтди.

«Бизда дарахтларни экишдаги энг асосий муаммо нима? Бизда сув бормаган, суғорилмайдиган жойларга дарахт экилади. Бошидан қуриши маълум бўлган дархтлар экилади. Яна бизни иқлимимизда аниқ қуриб қолиши мумкин бўлган дарахтлар экилади. Статистика таҳлил қилинганида охирги 3 йилда экилган дарахтларнинг 70 фоизи қуриб қолган», — дейди у.