Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қурбон ҳайити байрами муносабати билан Ўзбекистон халқини табриклади.

«Қалбларимиз файзу илоҳий шукуҳга тўлиб турган ушбу улуғ кунда юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни тинчлик, шукроналик, меҳр-оқибат ва саховат рамзи бўлган муборак Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан табриклаб, ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман», — дейилади табрикда.

Давлат раҳбари табрикда бу йилги Қурбон ҳайитининг Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллик тарихий санаси арафасида ўтаётгани унинг бетакрор руҳи ва кўрку тароватини янада зиёда этаётганини таъкидлади.

«Мустақил юртда буюк мақсадлар билан тинч ва осойишта яшаш, ҳалол меҳнат қилиш муқаддас динимизнинг эзгу ғояларига ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир», — деди президент.

«Маълумки, халқимиз асрлар давомида диний ва дунёвий илмларни ўзаро уйғун ривожлантириш борасида ноёб тажриба мактабини яратган. Бу фикрнинг амалий тасдиғини ўзининг беқиёс илмий кашфиётлари, маънавий-маърифий тафаккури билан жаҳон аҳлини ҳайратда қолдирган улуғ олимлар ва уламоларимизнинг бебаҳо мероси мисолида яққол кўриш мумкин. Бугунги кунда ана шундай нодир маънавий хазинани чуқур ўрганиш борасида янада катта имкониятлар очилмоқда», — дейилади табрикда.

Давлат раҳбарининг ишонч билдиришича, «икки дунё саодатига эришишдек улуғ орзу-ниятлар билан яшаётган олижаноб халқимиз униб-ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий баркамол этиб тарбиялашда ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, улкан ютуқларга албатта мушарраф бўлади».

Шавкат Мирзиёев ҳозирги мураккаб пандемия даврида диний ибодатларни уй шароитида адо этиш таклифи халқ ҳаёти ва саломатлигини асрашга қаратилган энг тўғри қарор эканини таъкидлади.

«Ушбу улуғ айём кунларида барчамиз Қодир Аллоҳдан бутун инсоният бошидан кечираётган бундай оғир синовларни енгиб ўтишда Ўзи мададкор бўлишини сўраймиз», — дейилади президент табригида.