Халқаро сузиш федерацияси (FINA) Этика комиссияси натижалар сохталаштирилгани сабабли Токио-2020 Олимпия ўйинлари квоталарини қўлга киритган бир қанча ўзбекистонлик сузувчиларнинг натижаларини бекор қилди. Спорт ташкилоти Ўзбекистон Сузиш федерациясига қўшимча санкцияларни жорий этиш имкониятларини ҳам кўриб чиқмоқда.

Нима содир бўлган эди?

«Спорт-экспресс» нашрининг хабар қилишича, Токио-2020 саралашларидаги энг шов-шувли жанжаллардан бири ҳиндистонлик сузувчи Ликита Селварашнинг интернет-текшируви билан бошланди. 2021 йил 13−17 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтган сузиш бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионатида ҳиндистонлик спортчи ҳакам сигналидан сўнг стартни рад этиб, ён деворга урган ҳолда эътиборни ўзига тортишга уринди.

21 апрель куни у YouTube`га видеоролик жойлаштириб, ўз ҳаракатларига изоҳ берди ва Ўзбекистон Сузиш федерацияси ўз спортчиларига қандай қилиб Олимпия ўйинлари квоталарини олиб бергани, «қолган норози бўлганларни ё сотиб олиш, ёки қўрқитишга уринишгани» ҳақида сўзлаб берди.

Олимпиадага йўлланмани қўлга киритиш учун мамлакат ичидаги саралашдан ўтишнинг ўзи етарли эмас. FINA мусобалар муайян савияда ўтказилишига эришишга ҳаракат қилади, шу сабабдан энг паст тоифа натижалари бўйича шартларни ўртага қўяди. Спортчи Ўйинлар йўлланмасини қўлга киритиш учун маълум бир натижаларга эришиши керак. Одатда сузувчилар ушбу вазифани мамлакат уй учрашувларида бажариб, миллий терма жамоага ҳам саралашдан ўтадилар.

Жорий йилда коронавирус чекловлари сабабли ҳамма давлатлар ҳам миллий чемпионатларни ўтказишга тайёргарлик кўра олмадилар, бошқа сузиш федерациялари эса ўз ички чемпионатларини очиқ тарзда ўтказиб, қўшни давлатлардан легионерларни таклиф қилишни бошладилар. Шундай қилиб, Ўзбекистонда ўтказилган очиқ чемпионатда маҳаллий спортчилардан ташқари, қўшни давлатлардан легионерлар, жумладан, ҳиндистонлик Ликит Прем ҳам қатнашди.

Натижаларни сохталаштириш

Ҳиндистонлик спортчи ўз олдига тоифа нормативларини бажаришни қўйган, ўзбекистонлик сузувчиларнинг квоталарини олиб қўйишни эмас. Биринчи сузишларда у маҳаллий электроника маълумотлари унчалик ҳам тўғри эмас, деган гумонга борган. 100 метр масофага эркин сузишда, протоколга кўра, Алексей Тарасенко 48,55 сония (олимпия нормативидан 0,02 сония яхшироқ) натижа қайд этган. Бироқ Премнинг тасдиқлашича, Алексейнинг ҳақиқий вақти 51 сониядан кўпроқ бўлган. Исбот сифатида у сузиш жараёни акс этган видеони келтиради. Унинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик спортчи Токио квотасини қўлга киритиши учун вақт кўрсаткичига тузатиш киритилган.

Нашрнинг қайд этишича, ёлғонни пайқаш қийиш бўлиши учун махинациялар энг кўп дастлабки сузишларда амалга оширилган. Маҳаллий сузувчиларнинг эрталабки натижалари кечки сессияларга қараганда бирмунча яхшироқ бўлган. Ваҳоланки, одатда спортчилар айнан финалда тўлиқ куч сарфлайдилар.

FINA комиссияси текширувлардан сўнг мазкур жиҳозлар маълумотларига қасддан ўзгартиш киритилганини аниқлаб, ўзбекистонлик сузувчилар — Одилбек Юсупбоев, Элдор Усмонов (100 м баттерфлей) ва Алексей Тарасенко (100 м эркин усул) натижаларини бекор қилди.

Жавоб тариқасида Ўзбекистон Сузиш федерацияси FINA устидан Спорт арбитраж судига (CAS) даъво аризаси киритди. Бироқ суд FINA ва Прем томонида бўлди ва 2020 йил 24−29 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон Очиқ кубоги ва 2021 йил 13−17 апрель кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон Очиқ чемпионатининг айрим натижаларини бекор қилиш тўғрисидаги қарорни ўз кучида қолдирди.

Бундан ташқари, CAS FINAга миллий сузиш федерацияси, амалдорлар ва спортчиларга қарши қўшимча санкциялар жорий этишни таклиф қилди. Халқаро федерация ҳозирда мазкур масалани ўрганмоқда.

«Натижаларни манипуляция қилишга бўлган ҳар қандай уриниш FINAнинг тегишли қоидаларига мувофиқ жазога тортилади. Содда қилиб айтганда, FINA фирибгарлик ёки ҳодисаларни манипуляция қилишнинг ҳар қандай кўринишларига тоқат қилмайди», — дейилади FINA хабарида.

Ўзбекистон ўтган йиллар давомида Олимпия ўйинларида уч нафардан ортиқ спортчилар билан иштирок этишнинг уддасидан чиқа олгани йўқ. Шу боис Токиода ўн кишидан кам бўлмаган таркибда бориш режалаштирилган эди.

Барча натижалар бекор қилиниши натижасида олимпия нормативларини бошқа мусобақаларда бажарган Хуршиджон Турсунов (100 м, эркин усул) ва Наталья Критинина (50 м, эркин усул) квоталари қолди, холос.

Бироқ FINA жазо тариқасида бутун бошли делегацияни сузиш бўйича Олимпиада мусобақаларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этиши, шунингдек, Ўзбекистонни 2022 йилда Япониянинг Фукуока шаҳрида бўлиб ўтадиган сув спорти турлари бўйича жаҳон чемпионатидан дисквалификация қилиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас

МОҚ муносабати

Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти ва Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгашининг расмий баёнотини эълон қилди.

Хабарда қайд этилишича, лицензион Ўзбекистон очиқ чемпионатларига МОҚ раҳбарияти доимий ташриф буюриб турган, ўз навбатида, МОҚ Тезкор штаб вакили Мирсардор Алимов ҳам мусобақани мунтазам кузатиб борган.

Турнирлар якунлангач, Ўзбекистон сузиш федерацияси мусобақалар протоколини МОҚга тақдим қилган ва унда 5 нафар атлетнинг Токио-2020 нормативини бажаргани кўрсатиб ўтилган. Тақдим этилган протоколларда белгиланган қоидаларнинг бузилиши, шу жумладан, кейинчалик ҳиндистонлик сузувчи томонидан қайд этилган воқеа ҳақида маълум қилинмаган.

«Бирор хорижий делегация томонидан, жумладан, Ҳиндистон жамоаси томонидан мазкур лицензион турнирлар бўйича шикоят ёки эътироз келиб тушмаган», — дейилади МОҚ хабарида.

Қўмита лицензион Ўзбекистон очиқ чемпионатлари натижалари бекор қилинганига ҳам изоҳ берди.

«Ўзбекистон сузиш федерацияси бош котиби Алишер Ғаниевнинг сўзларига кўра, FINA бу бўйича Тошкентга расмий хат жўнатмаган. Бироқ Ўзбекистон сузиш федерацияси бир неча бор FINAга тақдим этилган маълумотларга аниқлик киритиш учун хабар йўллаган ва ҳатто бу масала бўйича Спорт арбитраж судига (CAS) мурожаат қилган», — дейилади баёнотда.

Якунда, Ўзбекистон сузиш федерациясининг маълумотига кўра, FINA Universal Place лойиҳаси асосида фақатгина Хуршиджон Турсунов ва Наталья Критининага Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма берган.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, шунингдек, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши расмий равишда ушбу ҳолат ҳеч қандай спорт тамойилларига мос келмаслигини ва Олимпизм қадриятларига мутлақо зид эканлигини маълум қилади. Ўз ўрнида, бошқа федерациялар ва спорт ташкилотларидан ҳам белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилишни сўрайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон сузиш федерацияси Президиумидан қуйидагиларни талаб қилади:

  1. Юқоридаги вазиятни кўриб чиқиш, ўрганиш ҳамда унга ҳуқуқий баҳо бериш учун Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши ва Ўзбекистон сузиш федерацияси мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш;
  2. Халқаро сузиш федерациясидан (FINA) лицензион мусобақада қайд этилган натижаларнинг нима сабабдан бекор қилингани ҳақидаги материалларни тақдим қилишини сўраш;
  3. Федерация бош котиби Алишер Ғаниевни вақтинча ўз лавозимидан четлатилишини.