Олий Мажлис Қонунчилик палатаси cпикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров ташкилотларда ходимларга коронавирусга қарши эмлашни мажбурий қилиб қўйиш мумкинлиги ҳақида таъкидлади.

Депутатнинг қайд этишига кўра, Меҳнат Кодексининг 212-моддасига мувофиқ иш берувчи ходимларнинг касаба уюшмаси билан келишган ҳолда меҳнат жамоасининг манфаатларидан келиб чиқиб ходимга мажбурият юклаши мумкин.

«Ташкилот меҳнат жамоасининг соғлом меҳнат фаолиятини таъминлаш мақсадида ходимларига коронавирусга қарши эмланишни мажбурий қилиб қўйса бўлади. Қолаверса, ҳар биримизни бизга хизмат кўрсатаётган банк ходими, сотувчи, ҳайдовчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, тиббиёт ва таълим соҳаси ходимларини касаллик тарқатувчи эмаслигини кафолатланишини талаб қилишга ҳаққимиз бор», — деди у.

«Миллий тикланиш» партияси раҳбарининг таъкидлашича, «эмаланмаганларнинг эркини чеклаш керак».

«Вакцина олишга мажбур эмассиз. Лекин, хавфсизликни таъминлаш асосий вазифаси бўлган, бизнинг ишончимиз билан ваколатли бўлган ҳукумат, эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида, эмланмаганларнинг эркини чеклаши керак», — дейди Алишер Қодиров.

«Ҳар биримиз эркин, лекин жамият олдида мажбуриятлари бўлган фуқаро эканимизни унутмаслигимиз керак. Бугунги кунга келиб инсоният ишонч билан суянаётгани — медицина биргина вируснинг давосини топиб беролмади. Бу ҳали муҳокама қилиниши ва тегишли баҳо берилиши керак бўлган жиддий масала, бу кейинги мавзу», — деб ёзади депутат.

«Ҳозирча вирусни иҳоталашнинг якка-ю ёлғиз йўли эмланиш экан, аввало ўзимиз ва яқинларимизнинг, қолаверса, атрофимиздагилар хавфсизлиги учун эмланишимиз шарт», — дея қўшимча қилди Алишер Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, СЭС бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков Ўзбекистонда коронавирусга қарши мажбурий эмлаш ғоясини тўғри деб ҳисоблаши хақида хабар берган эдик. У бу борада Россия тажрибасини ўрганишни таклиф қилган.

«Касалликка қарши оммавий эмлашни ҳам ихтиёрийликдан мажбурийликка ўтказиш керак вассалом. Шунда кутилган натижага тезроқ эришилади», — деб ёзган эди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев.