Коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахслар ҳамда ушбу инфекция тасдиқланган беморларга бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш мақсадида пойтахтнинг 11 та туманида 1 тадан махсус поликлиника ташкил этилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълумотга кўра, мазкур поликлиникалар аҳолига куну тун хизмат кўрсатиши белгиланган бўлиб, ҳар бир марказга 3 тадан тиббий бригада бириктирилган. Улар таркибидан 2 нафар шифокор ҳамда 2 нафар ўрта тиббиёт ходими ўрин олган.

Шунингдек, беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ушбу поликлиникалар рентген, кислород конденсаторлари, пульсоксиметр, зарур дори-дармонлар, сарфлов материаллари, дезинфекцияловчи эритма ва реактивлар, шунингдек, махсус тиббиёт воситалари билан таъминланган.

Махсус поликлиникага мурожаат қилган беморлар учун махсус карта юритилиб, унда фуқаронинг динамик ҳолати, текширув ва даволаш натижалари қайд этиб борилади.

Мурожаат қилганлар орасида «COVID-19» инфекцияси тасдиқланмаган беморлар бўлса, улардан керакли таҳлиллар олинади ва ҳудудий санитария хизмати лабораторияларига етказилади. Шу билан бирга, беморлар оғирлик даражасига кўра сараланиб, аҳволи енгил фуқароларга уйда даволанишлари учун зарур тавсиялар берилади. Aгар беморнинг аҳволи оғир бўлса, у зудлик билан махсус шифохонага юборилади ва бу ҳақида фуқаро истиқомат қиладиган ҳудуддаги оилавий поликлиникага хабар қилинади.

Махсус ташкил этилган поликлиникаларнинг манзиллари, телефон рақамлари: