Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ҳозирда Афғонистондаги нотинч вазият ва Ўзбекистоннинг бунга муносабати ҳақида изоҳ берди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири. Асадовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон мазкур вазиятда кўшни мамлакатнинг ички ишларига аралашмаслик тарафдори.

«Умуман олганда агар Афғонистондаги вазиятни оладиган бўлсак, биз албатта икки давлат орасидаги яхши қўшничилик муносабатларини яна ҳам ривожлантиришдан манфаатдормиз ва албатта Афғонистонда бўлаётган ҳозирги тўқнашувлар ва зиддиятлар бу Афғонистоннинг ички иши. Биз бунга аралашмаслик тарафдоримиз», — деди у.

Шунингдек, Шерзод Асадов Ўзбекистон ҳудудида хорижий ҳарбий базаларнинг жойлаштирилиши ҳақидаги масалага ҳам тўхталиб ўтди.

«2012 йилда қабул қилинган концепциямиз ва мудофаа тўғрисидаги қонунимизга мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида ҳеч қандай хорижий ҳарбий базаларининг жойлаштирилиши мумкин эмас ва биз ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга ҳам қўшила олмаймиз. Бундан ташқари КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти — таҳр.) томонидан бизга ҳеч қандай бундай таклиф ҳам келиб тушгани йўқ», — дея таъкидлади у.

Давлат раҳбарининг матбуот котиби, АҚШ томонидан афғон ҳукумати аскарларини вақтинча ўзининг ҳудудида қабул қилиш бўйича сўров бўлгани ёки бўлмаганлиги ҳақида саволга ҳам муносабат билдирди. Асадов АҚШ бундай сўров билан Ўзбекистонга мурожаат қилмаганлигини таъкидлади.

«АҚШ томонидан [қилинган сўров] ҳақида мен билмайман, сизда қаердан бу маълумот? Ҳеч қандай расмий таклиф бўлмаган», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2 июль куни АҚШ президенти Жо Байденнинг маъмурияти Марказий Осиёдаги учта давлатдан НАТО чиқиб кетгунга қадар «Толибон»дан қочишга ҳаракат қилаётган АҚШ билан ишлаган 9 мингга яқин Афғонистон фуқаросини вақтинча жойлаштиришни сўрагани ҳақида Bloomberg хабар берган эди. Нашр АҚШ Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга америкалик ҳарбийларга ёрдам берган афғонларни қўшинларни олиб чиқиш жараёни тугашигача қабул қилишни сўраб мурожаат қилганини қайд этган.

Шерзод Асадовнинг қўшимча қилишича, 3 июлдан буён афғон ҳарбийлари ва «қуролланган шахслар» Ўзбекистон чегарасини ноқонуний бузиб ўтмоқчи бўлган. Уларнинг умумий сони 150 кишига етди.

«Уларнинг ҳаммаси тегишли тергов ва суришитирув ишлари олиб борилгандан кейин халқаро қонунчиликка мувофиқ, ўз давлатига қайтарилди. Яъни Ўзбекистон ҳудудида ноқонуний бўлган бирорта Афғонистон фуқароси ҳозирги кунда йўқ», — деди у.

«Чегараларимиз дахлсизлиги ҳеч қандай шубҳа остига қўйилмаслиги керак. Чегарадан ноқонуний ўтишларга бизда йўл қўйилмайди», — дея таъкидлади Шерзод Асадов.

Давлат раҳбари матбуот котиби, Ўзбекистон Афғонистонни гуманитар ва иқтисодий томондан қўллав-қувватлаб, ўз ёрдамини кўрсатиши мумкинлигини маълум қилди.

Шунингдек, шу ҳафтада бўлиб ўтадиган конференциянинг асосий мавзуларидан бири нотинч пайтда Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ва умуман олганда жаҳон ҳамжамияти Афғонистонга қандай ёрдам бера олиши мумкинлиги ҳамда бу икки йирик ҳудуд қандай қилиб иқтисодий нуқтаи назардан барқарор ривожланишини таъминлаш ҳақида бўлади, деди Шерзод Асадов.