Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов 27 июнь куни ўзининг «Алламжонов айбдор» номли китоби нашр қилинганини эълон қилди. Блогер, ижтимоий фаол Мирзаёр Эркинов «Газета.uz» учун мақоласида ушбу китобда берилган асосий фикрлар ва қизиқарли воқеалар тафсилоти ҳақида ёзади.

Навоий кўчаси бўйлаб қулоқчинда маҳаллий «Flyin Up» рок гуруҳининг «Дунёлар» қўшиғини тинглаб борарканман, Комил Алламжоновнинг «Алламжонов айбдор» китоби сўнгги бетларини варақлайман. Қўшиқдан бир парча беихтиёр эътиборимни тортади:

«Дунё қулайди, Онгимиз очилса…»

Қадамларим мени Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги биноси яқинига, аниқроғи унинг маҳобатли устунлари яқинига элтади. Қулоқчинни олиб, бир китобга, бир бу бинога назар соламан. Яқин-яқингача матбуот анжуманлари, турли шов-шувлар, муҳим ўзгаришлар маркази бўлган иморат деворлари ўз бағрида қандай сирларни яшириб турибди?

Айниқса, унинг собиқ раҳбари Комил Алламжонов бу сирларнинг бир учини ўзининг илк бадиий китобида очиб қўйганлиги қизиқишларга яна қизиқиш қўшади. Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти «Алламжонов айбдор» асарини муҳокама қилмоқда.

«Алламжонов айбдор» китоби муаллифга кўра «пандемия даврида, уйда бекор ўтирганда» ёзилган, 2021 йил 21 март санасида тўлиқ таҳрирдан чиқарилган.

Комил Алламжонов сўзбошида ўз асарини ягона сабабдан — «ўзи истаган инсонларга — ўн бешдан ўттиз ёшгача бўлган…» ҳаёт йўлини белгиловчи турли саволлар билан ўйланаётган ёшларга муҳим фикрларини етказиш учун ёзганини келтиради.

Медиа-ошхона инсайдларидан бехабар дўстларимиз билан китобда келтирилган эътиборга молик жиҳатлар, маълумотларни бирма-бир бўлишамиз.

«У вазир бўлади. Парпиевнинг жияни»

Асарнинг илк боби Алламжоновнинг болалик хотиралари ва унинг Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига (ЎзМАА) раҳбар сифатида тайинланиши атрофидаги воқеалар билан бошланади. Ташкилотга янги келган раҳбар (мақоми бўйича вазирга тенг) «тадбирлардан бирида бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Жуманиёзович Раматов билан учрашиб қолгани», Раматовнинг «бор-йўқлиги билинмайдиган, мудроқ ташкилот борлигини бирданига эслолмагани»ни ёзади.

Муаллиф боб охиригача ЎзМАА агентлиги ходимлари, ташкилот қошидаги муассаса, нашриётлар билан муносабатлар тўғрисида ҳикоя қилади. Муаллиф ташкилот фаолиятига тўхталиб, «ЎзМАА ҳеч қачон журналистларни ҳимоя қилмаган. У жазоловчи орган эди», дея таъкидлайди.

Комил Алламжонов кейинги бобда таниқли давлат амалдорларидан бири, кўп йиллар давомида Давлат солиқ қўмитаси раҳбари бўлиб фаолият олиб борган, воқеалар баён этилган йиллар — 2005−2006 йилларда ФВВ вазири Ботир Парпиевнинг «жияни» эканлиги ҳақидаги «миш-мишлар» қандай пайдо бўлганлигига тўхталади:

«Олдинига ФВВга ишга олди, кейин Божхона қўмитасига, ундан кейин Солиқ хизматига. Бу боланинг нимасига ишонади? Қариндоши экани аниқ! Қарабсизки, бу бола генералнинг жияни экан, шунинг учун уни кўтар-кўтар қиляпти, деган миш-мишлар тарқалди. Бу гапларга михдай далил ҳам топилди, Парпиев — андижонлик, отаси Марғилондан. Менинг бобом ҳам асли фарғоналик. Демак, амаки-жиянмиз! Водийда ҳамма бир-бирига қариндош, бегонаси йўқ».

Унинг ёзишича, Ботир Парпиев Алламжонов ўзининг «жияни» эканлигини «Uzmetronom.com» нашри эълон қилган мақоладан билиб олган.

«Мен кетдим, лекин интизомга ўргатгани, берган сабоқлари учун Ботир Раҳматовичдан (Парпиев — таҳр.) ҳалигача миннатдорман… Бундай олганда, у мени ростдан ҳам ўз жиянидек тарбиялади».

Ушбу бобда Алламжонов Ўзбекистоннинг биринчи президенти, Ислом Каримовнинг давлат бошқарувидаги сиёсати бўйича ҳам ўз мулоҳазаларини билдиради.

«Ислом Абдуғаниевич „бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил“ деган сиёсатни олиб борар, вазир ўринбосарлари раҳбарига нисбатан доим киши билмас оппозицияда бўларди. Каримов шу йўл билан ўзига керакли маълумотни йиғган бўлиши мумкин…».

3-бобда Алламжонов яна болалик хотираларига — 90 йилларга қайтади ва «мусаффо осмон» ғоясининг давлат мафкурасига айлантирилганлигини эслайди:

«„Мусаффо осмон“ ғояси давлат мафкурасига айланди. Урушсиз, тинч яшасак бўлди, олам гулистон. Аммо бу ғоя жуда бўш эди. Унда супер бойларнинг пайдо бўлиши кўзда тутилмаганди. Давлат раҳбарияти бойваччалар жамият осойишталигини бузишидан қўрқарди. Майли, фойда кўрсанг кўр, фақат икки қулоч тижорат дўконидан нарига ўтма! Машина ол, уй сол, топган тиллангни уч литрли банкада сақла, лекин олигарх бўламан, деб хаёлингга ҳам келтирма».

«Солиқ-инфо» ва БЭМ

Комил Алламжонов бир неча бобларда «Солиқ-инфо» ва шу йиллардаги мажбурий обуна сиёсати, ўзининг ашаддий танқидчиси Сергей Ежковнинг (Uzmetronom.com нашри бош муҳаррири — таҳр.) «фактлари анча бўш» мақолаларига тўхталиб ўтади. У ўша даврларда (2008 йиллар) газеталарни ҳеч ким сотиб олмагани, нашрлар ёпилиб кетмаслиги учун давлат ўзи бош-қош бўлиб, деярли барча газеталарга обунани ташкил қилиб берганини ёзади.


««Солиқ-инфо»нинг ихтиёрий харидорлари ҳам кўп эди. Газета бухгалтерларга маъқул келди, уларнинг доимий иш қуролига айланди. Улар, яъни «Солиқ-инфо»га ўз хоҳиши билан обуна бўлганлар ҳақида ҳеч ким билмайди. Лекин ДСИнинг (Давлат солиқ инспекцияси — таҳр.) «обуна бўлиш шарт» деган қўнғироқларидан норозилар ҳамма ёққа шов-шув кўтарди».

Алламжонов яна бир лойиҳаси БЭМ аввал Одил Турдиқулов ва унинг ҳамкорлари, директори Нодира Воҳидоваларнинг меҳнати эвазига дунёга келганини, бошида улар бухгалтерлик ҳисоб-китобига оид дастур лойиҳасини Савдо-саноат палатаси (ССП) билан ҳамкорликда, Алишер Шайхов (ўша вақтда ССП раҳбари — таҳр.) раҳбарлиги остида ишлай бошлашганини ёзади.

«Йигитларнинг айтишича, ССП улардан қарз бўлиб қолган. Шунда мен уларни ДСҚ билан ишлашга оғдириб олдим. Биз дастурни такомиллаштириб, БЭМ деб атадик».

Режада бўлмаган Гарвард ва Автотест

Муаллиф 2013 йилда Гарвард университетида сиёсатшунослик курсларида ўқиганини, у «хоҳлаган одам пулини тўлаб қўйиб, кириши мумкин бўлган курслар» эканлигини, курсдаги вазифаларни бажаришга Тошкентдан ёрдам олганини ёзади.

«Тошкентда инглиз тили ўқитадиган ўқув курсларини очиб қўйгандим. Икки мамлакатнинг соатлари ўртасидаги тафовут менга жуда қўл келди. Уйга берилган топшириқни Тошкентга жўнатардим… Дарсда бериладиган саволларга жавобларни ҳам тайёр ёзиб жўнатишар, яхшилаб ёдлаб олсам бўлгани».

«Гарварддаги таълим эса ҳар бир талабани мустақил фикрловчи даҳо даражасига кўтаришга қаратилган. Болани аналитик фикрлашга ўргатмасак, фақат бировнинг топшириғини яхши бажаришга ярайдиган ўртамиёна ходим бўлиб вояга етади… Давлат таълим тизимида эса аҳвол ҳалиям ўша-ўша — мазмун эмас, шакл муҳим: давомат, бир хил ташқи кўриниш, намунали хулқ, уй вазифаларни вақтида бажариш…»


Комил Алламжонов «Автотест» лойиҳасининг ибтидоси ҳақида шундай ҳикоя қилади:

«Биз кўпгина тест саволлардан тузилган ранг-баранг анимацион дастур ишлаб чиқдик. Уни «ГАИ»га олиб бориб, тугмачали аппаратларнинг ўрнига компьютерга шуни ўрнатайлик, деган таклиф бердим…Хуллас, «ГАИ»дагилар компьютерлар сотиб олиб, биз ишлаб чиққан дастурни ўрнатишди. Дастурни «Автотест» деб номладик… Лойиҳа Икромовга (ўша пайтда бош вазир ўринбосари Адҳам Илҳомович Икромов — таҳр.) маъқул келди… Икромов шу масалада мажлис ўтказди ва Вазирлар Маҳкамаси республикадаги барча автомактаблар «Автотест» дастури бўйича ўқитиши керак, деган қарорга келди».

Алламжонов ушбу лойиҳа ортидан «яхшигина пул топганини» айтади. «Бундан буён ҳам тинчгина, ҳеч қандай бошоғриқсиз ўша дискларимизни сотиб юраверсак бўларди. Лекин мен бир ишкал чиқармасдан ўтира олармидим?! Хуллас, инновацион автомактаб очишни ўйлаб қолдим», — деб ёзади у.

«Шу лойиҳани деб мен ёмонотлиқ бўлдим, гап-сўзлар шаънимга жиддий таъсир қилди… Яхшилик қиламан десангу, сени ҳеч ким тушунмаса. Хатти-ҳаракатларингни шунақа оёғини осмондан қилиб кўрсатишадики, ёвузлигингга ўзинг ишониб кетасан».

Миллий ТВ ва Forbes

Муаллиф яна бир лойиҳаларидан бири «Миллий ТВ» телеканали очилиши ҳақида шундай дейди:

«Мен доим „шахсий МТРК“ эгаси бўлишни хоҳлардим… Аммо Гулнора Каримованинг даврида бунинг иложи бўлмаган, хусусий телеканални фақат юқорига ўта яқин одамларгина очиши мумкин эди… Гулнора ўз мавқейи билан бирга Марказ ТВ телеканалидан ҳам айрилди… Лицензия олинди. Лекин кадрлар йиғишга жуда қийналдик. Марказ ТВдан кейин ҳеч ким хусусий телеканалда ишлашни хоҳламас эди».

Комил Алламжонов бир неча йил тақиқда бўлган санъаткорлар ҳам «Миллий ТВ» телеканалида чиқишганини эслайди.

«Анча вақт тақиқда бўлган Юлдуз Усмонова Миллий ТВ туфайли эфирга қайтди. Кўп йиллик тақиқлардан сўнг Обид Асомов экранга чиқарилди. Жуда узоқ йиллардан бери Шерали Жўраев ва 15 йил давомида эфирда исми ҳам тилга олинмаган Озода Нурсаидова экранга қайтдилар. Янги Президент (Шавкат Мирзиёев назарда тутилмоқда — таҳр.) билан тақиқлар даври ҳам тугади».

Алламжонов дунёга машҳур Forbes журналида ўзи ҳақида мақола қандай чиқарилганлигига лўнда жавоб беради: «Пул билан». У дастлаб Forbes`нинг русча нашри билан ёзишмаларни бошлайди ва нашрнинг веб-талқинидаги интервью учун 5 минг доллар атрофида кетишини ёзади. Веб-талқиндаги мақола айрим сабабларга кўра ўчиб кетганидан сўнг у АҚШнинг ўзига бориб, «отнинг калласидек» пул сарфлаб, нашрнинг босма журнал шаклида чиқишига ҳам муваффақ бўлади.


«Саида Шавкатовна ҳам мени „Форбс“ орқали таниган… „Буни қаранглар, олигархмиш-а…“ — деди Саида танишганимизда. Мақоланинг тепасида кичкина қилиб, „промо“ деб ёзиб қўйилганига ҳеч ким эътибор бермайдида».

Мавридида чизиқ тортилган сўзлар. ОАВдаги ўзгаришлар ва «оловлар ичида ёнаётган бир дона кабоб»

Мусаҳҳиҳлар китобхонни ўзига хос интригада ушлаб туриш важиданми ёхуд муаллифнинг жиддий шахслар исмлари келтирилган ёки у томонидан очиқлаш учун «ҳали мавриди келмаган"иданми, баъзи маълумотларни қора чизиқ остига бекитади.


Комил Алламжонов бундан икки йил аввал ёпилиши муҳокамалар марказида бўлган «Турон-24» ахборот агентлиги фаолияти ва унинг тугатилиши билан боғлиқ ҳолатга шундай ойдинлик киритади:

«2018 йилда «Турон-24» ахборот агентлиги лойиҳасига киришдим… Ундан олдин ЎзА билан ҳамкорлик қилишга уриниб кўрдим, лекин ўхшамади. Алмисоқдан қолган бесўнақай тарғибот машинасини эпақага келтиргандан кўра янгисини яратиш осонроқ экан. Мен «Турон-24»га журналистика юлдузларини йиғдим».

«Президентнинг матбуот котиби бўлиб ишлаётган пайтим эди. Тан олиш керак, лойиҳадан асосий мақсад давлат раҳбарининг сиёсати ва ислоҳотларини илгари суриш бўлди».

«Хуллас, «Турон-24″ уч ойгина ишлади. Туҳматга, (шу ўринда муаллиф бир неча сўздан иборат фикрлари устидан қалам тортади) тайёр эмасдим. Шунинг учун лойиҳани вақти-соати келгунча тўхтатиб турадиган бўлдик» («Турон-24» агентлигининг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари унинг фаолияти тугатилганидан бир неча ой ўтиб, қисқа танаффуслар билан кўриниш бериб турди).


Комил Алламжонов, шунингдек, уч ой муддат фаолият юритган «Toʻgʻri.uz» сайти тақдирига ҳам тўхталади. У сайт Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқжўжаев ташаббуси билан очилганлигини, ҳокимдан қандай мақсадда ушбу лойиҳани бошлаганини сўраганда, Ортиқхўжаев «Мен ўзимни ҳимоялашим керак» деб жавоб берганини таъкидлайди.

«Қандай қилиб ўзини ҳимояламоқчи бўлганини ҳалигача тушунмайман. Бундай мавқедаги амалдорнинг қўл остида ОАВ бўлмаслиги керак, одамлар унга ишонмайди. Шаҳар билан боғлиқ ҳар қандай негатив хабарнинг учи ҳокимга бориб тақалади. Агар сайт танқидга кўз юмса, уни ким ўқийди. Ўзини ҳурмат қилган журналист шаҳарда шунча муаммо туриб, ҳокимни мақтайвермайди. Бу лойиҳанинг узоққа бормаслиги аниқ эди».

Комил Алламжонов президент матбуот котиби бўлиб ишлаган даврини эслаб, фаолиятида толиққанини, ишдан кетиш учун иккита ариза ёзгани ҳақида айтади.

У президент матбуот хизмати раҳбари бўлган вақтда, сўнг АОКА раҳбари сифатида тайинланганида ОАВ ҳамда сўз эркинлиги масалалари бўйича ўзгаришлар амалга оширилгани ҳақида бир неча бобларда («АОКА. ОАВдаги ўзгаришлар», «Айбдор — Алламжонов», «Миллий ТВ», «Матбуот котиби» бобларида) ёзади.

Алламжонов ўз китобида Саида Мирзиёева АОКА директорининг ўринбосари этиб тайинланганига ҳам тўхталади.

«Қандайлигини билмадиму, лекин Президент чеклов билан боғлиқ бу ўйинларни сезибдилар, шекилли. Чунки битта қарор билан фитналардан ҳимоя қилиб қўйдилар. АОКА директорининг ўринбосари этиб қизлари Саидани тайинладилар. Ўшанда бу қарор менга қанот берди».


Муаллиф 2019 йил сентябрда блогер Нафосат Оллошукурова билан боғлиқ вазиятни ҳам назардан қочирмаган:

«Ҳа, қонунчилигимизда совет давридан қолган, ўз жонига қасд қилишга мойил одамни мажбурий даволатиш билан боғлиқ модда ҳалиям бор экан… Ўшанда хоразмлик амалдорларни „жазоловчи психиатрия“ усулларини қўллаганликда айблашди. Ростдан ҳам, яқин ўтмишимизда ҳукуматга маъқул келмай қолган одамни бемалол жиннихонага тиқиб қўйиш мумкин эди, асосан диссидентларни шунақа қилишарди».

«Кўпчилик ҳамкасблардан фарқли ўлароқ, мен уни ақлдан озган деб ҳисобламайман. Ўшандаёқ унинг нияти „тазйиққа учраб“, чет элдан сиёсий бошпана сўраш бўлса керак, деган фикр хаёлимдан ўтганди».

Алламжонов Шавкат Мирзиёев томонидан сўз эркинлигини ривожлантириш бўйича ҳаракатлар фақат имиж учун қилинмаётганлигини таъкидлайди.

«Ўзбекистон Президенти томонидан Сўз Эркинлигининг эълон қилиниши демократик давлатларнинг кўзи учун ўйланган қуруқ расмиятчилик эмас. Бу онгли равишда қўйилган муҳим стратегик қадам бўлиб, унинг ёрдамида коррупцияни енга бошлаш мумкин эди… Президент суткасига 25 соат ишлаган тақдирда ҳам, ҳамма мансабдорларни шахсан назорат қилишнинг иложи йўқлигини жуда яхши билган, деб ўйлайман».

Комил Алламжонов АОКА лойиҳаси икки йилга мўлжалланганлигини, унинг олдида иккита вазифа бўлганлигини таъкидлайди. Биринчиси — давлат идораларида матбуот хизматлари ишини йўлга қўйиш, иккинчиси — «„телефон ҳуқуқини йўқотиш“, журналистларни ислоҳотга ишонтириш, уларнинг ички цензорини йўқотиш».

«Бугунги вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак, АОКА тизим сифатида ўз вазифасини бажариб бўлди, унга эҳтиёж қолмади, деб ҳисоблайман. Бизнинг янги демократиямизда ОАВнинг устидан назорат қиладиган органга зарурат йўқ».

Китобнинг сўнгги бобларида муаллиф соғлиқни сақлаш (COVID-19 карантини қандай ўтказилгани, ССВ билан гидроксихлорохин масаласидаги тортишувлар, кейинчалик хабарлар сайти ва реклама платформасига айланган Koronavirus Info канали ҳақида), таълим тизими билан боғлиқ воқеаларга тўхталиб ўтади.

Хулоса. Яна бир бор сўз эркинлиги ҳақида

Ушбу мақолани ёзиб тугатаётган вақтимда Ўзбекистонда Twitter ва TikTok каби ижтимоий тармоқ платформалари фаолиятида секинлашув кузатилди. Фойдаланувчилар эса барибир VPN иловалари ёрдамида ўз саҳифаларига киришда давом этмоқдалар. Бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги фаоллар ҳам ўз муносабатини билдириб улгурди. Уларнинг кўпчилиги, хусусан, журналистларда, бу сўз эркинлиги, фикр билдириш ҳуқуқига тўғридан-тўғри таҳдид эканлигини яширмаяпти.

«Алламжонов — айбдор» китобининг сўнгги боби «Журналистларга сўз эркинлиги керак эмас» дея номланади ва таъбир жоиз бўлса, давлат ва жамият ўртасидаги умумий манзара, кўприк бўлувчи сўз эркинлиги ҳолатини ушбу фикрлари билан ифодалаб беришга ҳаракат қилади:

«Агар ҳозир ахборот эркинлигига нуқта қўядиган бўлсак… ислоҳотлар натижасида ҳамма эришганларимиз йўққа чиқади. Чунки сўз эркинлиги — ана шу ислоҳотларни илгари сураётганлар учун қўшимча, ёрдамчи кўз демакдир».

Комил Алламжонов асар сўнгсўзида шундай ёзади:

«Китобимни суперменлар эмас, оддий ёшлар ўқишини айтдим. Ўзим ҳам супермен эмасманку, ҳаммага ўхшаган одамман».

«Алламжонов — айбдор» нечоғлиқ осон ҳазм қилинадиган, digital замон тилида ёзилган бўлмасин, унда илгари сурилган ғоялар, қаламга олинган хотиралар ўқувчи тасаввурида унинг супер «мени»ни шакллантиради. Муаллиф ва муҳаррирлар жамоаси ҳар боб сўнгида янги замон ўзбек сиёсатчиси ва тадбиркори томонидан амалга оширилган лойиҳаларнинг фойдаси, ижобий жиҳатларига тўхталадию, тош босувчи, муҳим ҳужжатли фактларни келтирмайди.

Бу китобни тўла ўқиб чиққан бўлсада, зийрак китобхонларда қатор саволларни очиқ қолдираверади: Алламжонов ҳақиқатдан айбдорми ёки ўзидан қурбон ясаяптими? Алламжонов айтганларига ишонса бўладими? У холислик чегарасидан ўтиб кетмадими?

Буларнинг барини ўз мавриди келганда билиб олармиз. Шу онда мен яна «Flyin Up» гуруҳининг паузада турган қўшиғини давом эттираман:

«Остимда, ичимда чексиз бу осмон

Кўринмас фақат кўзга…

…Нечун кера-а-ак алдов?

Ҳаётнинг ўзи синов".

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламасилиги мумкин.