2 июль куни Ўзбекиcтон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Вашингтон шаҳрида Америка Қўшма Штатларининг Афғонистондаги ярашиш масалалари бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод билан музокаралар ўтказди.

Томонлар афғон можаросини ҳал қилишнинг ҳозирги ҳолати истиқболларини ҳамда минтақада тез муддатларда тинчлик ўрнатишга кўмаклашувчи чораларни муҳокама қилишган.

Афғонлараро музокараларни келгусида ҳам қўллаб-қувватлаш ва минтақавий савдони ривожлантириш, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, Афғонистонни минтақавий жараёнларга интеграциялашувини тезлаштиришга ўзаро интилишнинг мавжудлиги таъкидланди, дейилади хабарда.

АҚШнинг Афғонистондаги ярашиш масалалари бўйича махсус вакили жорий йил 15−16 июль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги юқори даражали халқаро конференция ишида иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

Аввалроқ, АҚШ Марказий Осиё мамлакатларидан 9000 га яқин афғонларни вақтинча қабул қилишни сўрагани ҳақида ёзган эдик.