«Шароит Плюс» ногиронлар жамоат бирлашмаси ногиронлиги бўлган шахсларни очиқ меҳнат бозорида муносиб иш билан таъминлаш учун ishplus.uz махсус рекрутинг веб-порталини ишга туширди.

Порталнинг асосий вазифаси — бир томондан, меҳнатга лаёқатли ва иш излашда қийинчиликларга дуч келаётган ногиронлиги бўлган шахсларга иш топишда ёрдам бериш, ва иккинчи томондан — иш берувчиларга малакали ногиронлиги бўлган ходимларни топишда кўмаклашиш. Портал орқали ариза топшириш учун ногиронлиги бўлган шахс онлайн тарзда резюме шаклини тўлдириши ёки телефон орқали мутахассис маслаҳатини олган ҳолда резюме тайёрлаши мумкин. Шундай қилиб, иш изловчилар маълумотлар базаси шакллантирилади.

Бундан ташқари, портал иш берувчиларга ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилишда берилган имтиёз ва преференциялар тўғрисида маслаҳат хизматларини кўрсатган ҳолда уларни махсус вакансияларни очишга ундайди. Лойиҳа координаторлари иш берувчиларнинг қонунга мувофиқ 3% квотани амалга ошириш мажбуриятлари бўйича батафсил таништиришади.

Барча иш топиш ва очиқ меҳнат бозорида мослашиш бўйича ижтимоий хизматлар онлайн тарзда — портал, лойиҳанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва махсус Телеграм бот орқали амалга оширилади. Пандемия шароитида ишга жойлашиш бўйича барча хизматларни онлайн ташкил этиш ногиронлиги бўлган шахслар учун касаллик хавфини ҳам камайтиради.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва ЕХҲТ лойиҳанинг ҳамкорлари ҳисобланади. Лойиҳани ЮНИСЕФ, БМТ ТД ва Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан амалга оширилаётган БМТнинг Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлаш бўйича Қўшма дастури қўллаб-қувватламоқда.

Пайшанба куни бўлиб ўтган инклюзив ишга жойлашиш бўйича ташаббус тақдимотини БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде, Халқаро меҳнат ташкилотининг катта техник маслаҳатчиси Йонас Аструп ва бошқалар қўллаб-қувватлашди.

«Дунё аҳолисининг 15 фоизи ёки қарийб 1 миллиард одамнинг ногиронлиги бор. Дунё иқтисодиёти ногиронлиги бўлган шахсларнинг иқтисодий фаолиятга жалб қилинмалаганлиги учун ЯИМнинг 7% йўқотади», — дея таъкидлади Йонас Аструп, ногиронлиги бор шахслар учун иш ўринларини яратишга чақириб.

Ўзбекистонда 630 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахслар расмий равишда рўйхатдан ўтган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, улардан 162,2 минг нафари «меҳнат фаолиятининг муайян турларини бажариш учун лаёқатга эга» деб тан олинган. Бироқ, 2020 йил ҳолатига кўра меҳнатга лаёқатли турли хил ногиронлиги бўлган кишиларнинг атиги 21,1 минг нафари ёки 13 фоизигина расмий равишда иш билан таъминланган.

2019 йилда БМТнинг Ўзбекистондаги вазият таҳлили шуни кўрсатдики, меҳнатга лаёқатли ёшдаги ногиронлиги бўлган шахслар сони 346 минг кишини ташкил қилиб уларнининг атиги 7,1% расмий равишда иш билан таъминланган. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш топиш эҳтимоли ногиронлиги бўлмаган шахсларга қараганда қарийб 4 баравар камроқ.

Шу билан бирга, қишлоқ жойларда эса ногиронларнинг атиги 5,8% иш билан таъминланган бўлиб, ногиронлиги бўлган аёлларнинг аҳволи эркакларникига қараганда анча ёмонроқ — аёлларнинг атиги 4,4% ва экркакларнинг 8,9% иш билан таъминланган.

ishplus.uz лойиҳасини қўллаб-қувватлаш тўғрисида маълумот.