Ўзбекистонда 348 минг нафардан ортиқ инсон коронавирусга қарши тўлиқ эмланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фурқат Санаев АОКАда бўлиб ўтган COVID-19 билан боғлиқ вазият, вакцинация жараёнлари ҳақидаги брифингда маълум қилди.

Фуқаролар «Спутник V» ва Astra-Zeneca вакциналари билан икки босқичда эмланишса, ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эса уч босқичда эмланади.

Қайд этилишича, икки ой мобайнида 2 миллион 69 минг 518 доза вакцина қўлланилган бўлса, шундан 348 минг 302 нафар киши тўлиқ босқичларда эмланиб бўлди.

Шундан:

  • AstraZeneca билан 321 минг 906 нафар киши;
  • ZF-UZ-VAC2001 билан 494 нафар киши;
  • «Спутник V» вакцинаси билан эса 25 минг 902 нафар киши барча босқичларда тўлиқ эмланди.

Таъкидланишича, ўтган 5 ойи давомида Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам хизматига аҳоли томонидан 433 минг 784 та чақириқ келиб тушган. Шундан 5458 тасини коронавирус инфекциясига чалинганликда гумон қилинган беморлар ташкил этган.

«Шу йилнинг апрель ойида пневмония белгилари кузатилган ва коронавирусга топширган тести мусбат натижа берган 1732 нафар беморга сифатли шошилинч ёрдам кўрсатилиб, улар тез тиббий ёрдам хизмати орқали Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган», — дейилади ахборотда.

Апрель-май ойлари давомида 2 миллион дозадан ортиқ вакцина қўлланилиб:

  • биринчи босқичда — 1 354 785 нафар;
  • иккинчи босқичда — 714 239 нафар;
  • учинчи босқичда — 494 нафар фуқаро эмланди.

Апрель ойининг охирида 2-босқич, май ойида эса 3-босқич эмлаш жараёнларига старт берилди. Шу йилнинг 31 май ҳолатига кўра, мамлакат бўйлаб икки ой давомида ўзбекистонликлар:

  • 646 минг 116 доза AstraZeneca;
  • 1 миллион 351 минг 807 доза ZF-UZ-VAC2001;
  • 71 минг 595 доза «Спутник V» вакцинаси билан эмланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга:

  • AstraZenecaнинг — 660 минг доза;
  • ZF-UZ-VAC2001нинг — 3,5 миллион доза;
  • «Спутник V» вакцинасининг — 170 минг доза партиялари келтирилган.

Шундай қилиб, ҳозирча Ўзбекистоннинг вакцина заҳираси 4 миллион 330 минг дозани ташкил қилмоқда.

«Режа асосида апрель ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳри ва бошқа катта шаҳарларда 65 ёш ва ундан ошган фуқаролар ва тиббиёт ходимлари оммавий эмлаш тадбирларига жалб қилинган бўлса, кейинчалик туман марказлари ва кичик шаҳарларда яшовчи аҳоли ҳам эмлашга жалб этилди», — дейди Фурқат Санаев.

Кейинчалик яна учта аҳоли қатлами — мактаб, мактабгача таълим муассасалари ходимлари ҳамда сурункали касаллиги бор фуқаролар ҳам эмлана бошланди.

Қайд этилишича, 31 май ҳолатига кўра, энг кўп эмланган аҳоли қатлами 65 ёш ва ундан ошган фуқаролар бўлиб, уларга икки ой мобайнида 747 минг 201 доза вакцина қўлланилган.

Ушбу аҳоли қатламига қўлланилган вакциналарнинг

  • 418 минг 797 дозаси 1-босқичда;
  • 328 минг 286 дозаси 2-босқичда;
  • 118 дозаси 3-босқичда фойдаланилган.

Шунингдек, тиббиёт ходимларига қўлланилган вакциналар миқдори ҳам ярим миллион дозадан ошиб, ушбу кўрсаткич бўйича иккинчи ўринда турибди.

Таъкидланишича, вакцинациянинг биринчи (апрель) ойида Фарғона вилоятида 123 минг доза, Наманган ва Андижон вилоятларида эмлаш кўрсаткичлари 90 минг дозадан ошган эди. Май ойи охирига келиб, Фарғона, Андижон, Наманган ва Самарқанд вилоятларининг ҳар бирида 200 минг дозадан ортиқ вакцина қўлланилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Навоий ва Сирдарё вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда 100 минг дозадан ортиқ вакцина қўлланилган.