Ўзбекистон давлат симфоник оркестри дирижери ва бадиий раҳбари, Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори Камолиддин Уринбаев «Газета.uz»га берган интервьюсининг иккинчи қисмида дирижерлик соҳасига қандай кириб келганлиги, санъатда истеъдод ва меҳнатнинг муҳимлиги, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва мусиқа соҳасини ривожлантиришга ким ҳисса қўшиши кераклиги ҳақида сўзлаб беради.

«Агар соҳам менга хурсандчилик олиб келмаса, демак бу менинг соҳам эмас»

Бир одам бор экан. Оиласида нотинчлик, носоғлом муҳит ҳукм сурар экан. Ўз касбини, соҳасини ҳам ёмон кўрар экан, иши унга хурсандчилик олиб келмас экан. Унда ҳаётни давом эттиришдан ҳеч қандай манфаат ёки бирор мақсад йўқ экан. У ҳаётида ҳеч бўлмаса биттагина ёрқин нуқта бўлиши учун оёқ кийимини бир ўлчам кичкина кийиб юраркан. Ҳар куни уйига келиб, оёқ кийимини ечганда, ўша сония унга улкан бахт, хурсандчилик олиб келар экан.

Ушбу ҳикоя мени ҳаёт тарзимни тўғри йўлга солишга, унга тўғри нигоҳ билан қарашга ундайди. Агар соҳам менга хурсандчилик, мазмун олиб келмаса, демак бу менинг соҳам эмас, мен бу ерга адашиб кириб қолганман. Бу менинг ҳаёт йўлим эмас.

Айтишадики, мусиқа соҳасини танламоқчи бўлсанг, фақат зўри бўлишинг керак. Ўртаҳол, ёмон мусиқачи ҳеч қачон яхши натижаларга эришолмайди. Халқнинг, мухлисларнинг олқишини ололмайди.

Кўп жойларда мендан сўрашади: «Камолиддин, мана сен мусиқачисан, саҳналарга чиқасан, дунёни кезасан — фарзандларингни ҳам шунақа бўлишини хоҳлайсанми?», деб. Аввало, буни фарзандимнинг ўзи белгилаши керак. Бу соҳанинг машаққатини, қийинчилигини биринчидан уларга раво кўрмаган бўлардим. Лекин, агар фарзандим шу соҳада етук иқтидор эгаси бўлса, агар унинг шу йўналишда биринчилардан бўлишига кўзим етсагина, унга шу соҳани эгаллагин деб маслаҳат берган бўлардим.

«Дирижерликка мутлақо қизиқишим бўлмаган»

Глиер номидаги махсус мусиқа мактабида ғижжак чолғусини чалишга ўқиганман. Шунингдек, фортепьянони ҳам чалишни ўрганганмиз.

2003 йил Ўзбекистон давлат консерваторияси халқ чолғулари бўлимига ўқишга кириш учун имтиҳон топширганимда мутахассисликдан ташқари мажбурий фанлар доирасида дирижерликдан ҳам имтиҳон бор эди. Мактабда қизиқиш бўлмаганлиги учун хоҳлаб-хоҳламасдан дирижерлик фанини ҳам ўқиганмиз.

Консерваторияга ўқишга киришга иштиёқим баланд эди. Қийин асарни тайёрлаб, ўзимни кўрсатмоқчи эдим. Ўшанда Прокофьевнинг «Учта апельсинга муҳаббат» асарини дирижерлик қилганман, у жуда мураккаб асар.

Имтиҳон комиссиясида Ўзбекистон санъат арбоби, профессор, «Сўғдиёна» халқ чолғулари давлат оркестрининг бадиий раҳбари, дирижери Феруза Абдураҳимова ҳам ўтирганлар. Имтиҳондан кейин Феруза Равшановна мени олдиларига чақириб: «Болам дирижерликка қизиқасизми? Нега айнан шу асарни танладингиз», деб сўраганлар.

Тушуниб турибман-ку нимага сўралаётганлигини. «Мен жуда ҳам дирижерликни яхши кўраман. Сизга ўхшаган дирижер бўлишни орзу қиламан», деб жавоб берганман. Бундай дейишимнинг асл сабаби имтиҳон комиссиясининг раиси Феруза Абдураҳимова эдилар. Уларга ёқишга жуда ҳам ҳаракат қилганман, гарчанд дирижерликка мутлақо қизиқишим бўлмаган бўлса-да.

Агар «Мен дирижерликка қизиқаман, дирижерлик ҳаётимнинг мазмуни» десам балки менга бошқача қараб, баҳоимни кўтариб беришади деган ниятда озгина айёрлик бўлганлигини ҳам тан оламан. Кейинчалик буни Феруза опа билан ҳам кулиб эслаганмиз.

Мана шу учрашув ҳаётимда тарихий учрашув бўлган. Ҳаётимда тубдан бурилиш ясаган айнан мана шу имтиҳон жараёнлари.

«Ўзим билиб-билмай, хоҳламай ва кейинчалик чексиз муҳаббат билан дирижерликка кириб келганман»

Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, консерватория талабаси бўлдим. Гарчи қизиқишим бўлмаса ҳам, ўқитувчим ўзининг катта тажрибаси эвазига менинг хатти-ҳаракатларимда дирижерлик қобилиятини сеза билган, кўра билган.

Феруза опа «Унинг қалбининг туб-тубида мана шу соҳага муҳаббат бор, мана шу соҳани балки ўзи тушунмаса ҳам мутахассиси бўлиши мумкин» деган фикр билан мени ўзларининг синфларига олган. Ҳамма талабалар ҳам хоҳлайди-ку энг яхши профессор-ўқитувчига шогирд тушишни. Секин-аста ўзим билмаган ҳолда дирижерликка муҳаббатим ошди.

Феруза опа билан шуғулланиб, синфда ҳар хил дастурларни тайёрлардик. Бошқаларга нисбатан менга оғирроқ, қийинроқ вазифаларни берардилар.

Консерваторияда катта талабалар оркестри бор. У соҳа мутахассисларини шакллантириш учун асосий фанлардан бири ҳисобланади. Ўша оркестрнинг раҳбари Феруза опа эдилар. Иккинчи босқичда ўқиётган пайтим биз Пьетр Ильич Чайковскийнинг «Оққушлар» балетини тайёрлаётган эдик, партюраларини ўрганиб, либереттосини ўқиб.

Бир кун оркестр машғулоти бўляпти, Феруза опа мени олдиларига чақириб: «Камолиддин, мени ректор чақиряпти. Ҳозир сиз пультга турасиз, тайёрлаётган „Оққушлар“ балетининг рус рақсини дирижерлик қиласиз. Қўрқманг, ўргатган нарсаларимизнинг ҳаммасини қилинг», деб чиқиб кетдилар.

Энди тасаввур қилинг, Консерваториянинг катта залида машғулот олиб бораётган юз кишилик оркестрда катта курслар, битирувчи курслар, мана ман деган мусиқачи созандалар, халқаро кўрик танловлар ғолиблари ўтиришибди. Уларнинг олдига бир кичкина талаба чиқиб, дирижерлик қилди.


Дирижер нафақат таёқчани қўлга олиб, силкитади, балки у асарнинг бутун жараёнини шакллантириб, олиб бориши керак, у бошқарувчи.

Феруза опа чиқиб кетишлари билан мен шартта ўзимни қўлга олдим. Жараённи бошқаришга, кимнидир йўналтиришга бўлган жуда катта қизиқишим жўш уриб кетди. Бу дарс эканлиги, ҳар 45 дақиқада танаффус берилиши эсимдан чиқиб кетди. Шу даражада шиддат билан киришиб кетибман-ки, қанча вақт ўтди, жараён қандай ўтди билмай қолдим.

Умуман бошқа жойда эдим ўша пайтда. Ҳаёлимда олдимда жуда катта 200−300 кишилик оркестр, мен жуда катта саҳнадаман, катта дирижерман, концерт бўляпти.

Кейин Феруза опа кириб келдилар. Мен талабаларга «Репитиция тугади» дейишим билан, улар ғижжак чаладиган смичоги ёки рубоб чаладиган медиаторлари билан олдида турган пепитерга уришни бошлашди. Мусиқачиларнинг саҳнада сози бўлса, ҳеч қачон қарсак чалмайди. Улар қўлидаги смичогини олдида турган пепитерга (нота турадиган устун) уришади, бу қарсак дегани. Тугатдим, «Машғулот учун катта раҳмат сизларга», дейишимни биламан, ўша жараёнда қарсаклар бошланиб кетди.

Ўша пайтда Феруза опа айтдилар: «Мен ҳеч қаерга чиқиб кетганим йўқ эди. Оркестрни бошқараётганимда мени қайси ректор ёки ректорат чақириши мумкин? Олдингизда туриб жараённи кузатишим бошқа масала, лекин мен йўқлигимда ўзингизни қандай тута оласиз, қанақа гаплаша оласиз, жараённи қай даражада бошқара оласиз, ўзингизни қўлга оласизми ёки олмайсизми? Шуларни кўриш учун, сизни кузатиш учун чиқиб кетаман дедим».

Мен ўша сонияда нима билан шуғулланашимни тушуниб етдим, ҳаётимнинг мазмунини, ўзлигимни топдим. Феруза опа ҳам ўшанда: «Мана энди мен Камолиддинга ишонсам бўлади, у мана шу соҳанинг мутахассиси бўлиши керак», деб айтган эканлар.

Мана шу тарзда, ўзим билиб-билмай, вақти келса хоҳламай ва кейинчалик чексиз муҳаббат билан дирижерликка кириб келганман.

— Мусиқа оламида муваффақиятга эришишда энг муҳими истеъдодми ёки меҳнатми?

— Бугун педагогик фаолиятни ҳам олиб бораяпман, дарс бераяпман. Агар сизга фақат истеъдод муҳим десам, бу ёлғон бўлади, агар фақат меҳнат десам, бу ҳам ёлғон бўлади. Мусиқа соҳасида истеъдод билан меҳнатнинг узвийлиги натижа беради.

Ҳаттоки шунақа тушунчалар бор: 99% меҳнат ва 1% истеъдод. Бу натижа бермаган. Балки айни дамда бундай ёндашув қўйилган вазифани бажаришга ёрдам берар. Агар биз ҳаётини мусиқа билан боғлаган одамни назарда тутсак, албатта истеъдод жуда катта аҳамиятни касб этади.

ХХ асрнинг энг буюк скрипкачиларидан бири Давид Ойстрах «Меҳнат қилмаган мусиқачи, созанда ўзининг профессионал кўникмаларини йўқотади» деб бежизга айтмаган.

Албатта ўша техник воситаларнинг қўлимизда туриши учун меҳнат қилиш керак. Созанда бўламизми ёки овозимизни устида ишлаш бўладими. Вокалистлар ҳам ҳар куни эрталаб туриб ярим соат, бир соат, икки соат овозини созлайди. Агар тактиль кўникмаларимизни биз ҳар доим ҳаракатда ушлаб турмасак, уларни йўқотиб қўйишимиз тайин. Агар меҳнат қилмасангиз, фақат иқтидорингиз ёрдам беролмайди. Ёки фақат меҳнат қилиб, иқтидорингиз бўлмаса, бунда ҳам ижобий натижага эришолмайсиз.

Педагог сифатида айтишим мумкин, иқтидорсиз инсон бўлмайди. Иқтидорни кучайтириш, кўрсата билиш, ривожлантиришда ўқитувчининг жуда катта вазифаси, меҳнати турибди. Лекин иқтидор ҳамма одамда ҳар хил нарсада кўриниши мумкин.

Менинг икки нафар фарзандим бор, бир ўғил, бир қизим. Ўғлимни болалар спектаклларига, соддароқ балет ёки операга олиб боришга, мусиқа, рақс ва театрга қизиқишини уйғотишга ҳаракат қиламан, лекин қизиқиши йўқ.

Қизим эса ҳар эрталаб туриб аясидан мусиқий мультфилмларни қўйиб беришни сўрайди. Ёки ўзи яхши кўрган мусиқалари бор, Чайковскийнинг «Қарсилдоқ» балетидан баъзи қисмлари энг яхши кўрганларидан бири, плейлистимизга қўйганмиз қизим турса албатта шуни сўрайди деб. Кечаси ўғлим эртак айтиб беришимизни сўрайди. Қизим бўлса алла айтиб беришимизни дейди. У аллага эмас, унинг оҳангига, унинг ашула қилиб айтиб берилишига қизиқади.

Бир ота-онанинг фарзанди. Лекин иккаловининг қизиқиши, иқтидори ҳар хил нарсага йўналтирилган. Ўғлим балки бир илм, техника ёки аниқ фанлар йўналишидан кетса, қизим ижод билан боғлиқ соҳанинг вакили бўлса керак, деб ҳозирдан ўйлайман.

Иқтидорсиз албатта одам бўлмайди, лекин мана шу соҳага мусиқа санъатига адашиб кириб қолган номутахассислар бўлади. Балки улардан ажойиб инженер, математик ёки зўр ошпаз, модельер чиққан бўларди, лекин мусиқачи эмас. Унинг иқтидори балки бошқа жойда намоён бўлган бўларди.

Мен шунинг учун танишларимга: «Мана Камолиддин шу нарсага эришди, бу сени фарзандинг, уканг, қариндошинг ҳам шу нарсага эришади дегани эмас. Балки бошқа соҳада Камолиддиндан минг карра юқорироқ натижаларга эришар. Сен унинг ҳаётига тўсиқ бўлмагин, келажагига зомин бўлмагин» деб маслаҳат бераман.

Ҳам истеъдод, ҳам меҳнат, мана ўшанда яхши натижа бўлади.

— Мусиқада профессионал таълим олмасдан муваффақиятга эришиш мумкинми?

— Агар сиз профессионал тарзда шуғулланмоқчи бўлсангиз, албатта, таълимнинг ҳамма босқичларини ўтиш шарт. Лекин истиснолар ҳам бўлади.

Постсовет давлатларида мусиқа соҳасидаги театрларнинг энг номдорларидан, обрўлиларидан бири — бу Москвадаги «Большой театр». Бутун дунёда «Большой» деса, Америка бўладими, Хитойми, Япониями дарров ўша Москвадаги театрни тушунишади. Совет давридаги унинг примаси, яъни биринчи опера хонандаси Галина Вишневская мусиқий таълим олмаган. Бунақа истиснолар миллиондан бир, миллиарддан бир бўлар. Лекин профессионал мусиқачи шаклланишида босқичма-босқич таълим бўлиши шарт.

Шунчаки кишининг дунёқараши учун, уни шахс сифатида, маънавий камол топган инсон сифатида ривожланиши учун балки профессионал таълим олишнинг эҳтиёжи йўқдир, мен буни маслаҳат ҳам бермайман. Чунки, махсус мусиқа мактаблари, лицей, коллеж ёки олийгоҳ бўладими, бу ерда ўқишнинг асосий қисми, айнан доминантаси мусиқа соҳасидаги тор доирадаги фанлар ва йўналишларга қаратилган бўлади. Бизда умумтаълим фанларининг фоизи анча кам: қуйи тизимда ҳам, олий таълимда ҳам.

Мусиқа билан шуғулланган одамларнинг фикрлаши ҳам, дунёқараши ҳам, ҳаётга бўлган муносабати ҳам ўзгача, ижодий ва ижобий бўлади. Ҳаётга ижобий нигоҳ билан қараш, оптимист бўлишимиз бизга жуда муҳим омиллардан бири деб ўйлайман. Санъат билан шуғулланиш жуда яхши натижаларга олиб келади.

Жуда кўп хорижий сафарларга борганимизда, Лондонда бўладими, Берлинда бўладими, ўзи мутлақо бошқа соҳа вакили бўлса ҳам опералар, балет, умуман маданият ва санъат тўғрисида кенг билим ва дунёқарашга эга ёшлар билан суҳбатлашиб, жуда ҳам маза киламан.

Мен улардан «Мусиқа таълим даргоҳини битирганмисан?», деб сўрайман. Улар эса «Йўқ, бизда бу одатий ҳол, кичкиналигимиздан бизга мана шундай ҳар томонлама билимлар сингдирилади», деб жавоб беришади.

Биз Япония таълим тизимини дунёдаги энг яхши таълим тизимларидан бири деб тан оламиз, бутун дунё тан олади. У ердаги умумтаълим мактабларида Консерваторияни битирган профессионал мутахассислар жалб қилинган ҳолда дарс ўтилади. Якуний назоратларда ҳаттоки мусиқа фанидан имтиҳон қўйилади. Ўқувчилар худди профессионаллардек ўзлаштиради.

Китобхонлик, ўқиш, саводхонлик, маънавият-маърифат деймиз — маънавият ва маърифатга нима киради? Мана шу барча жабҳаларнинг бирлашуви киради. Маънавиятли инсон, билимли инсон — мана шу нарсаларни ўзлаштирган одам. Мана шу соҳалардаги базавий тушунчаларга ва кўникмаларга эга бўлган одамгина маънавиятли-маърифатли бўла олади. Бу борада ишлар қилиняпти, муайян ўзгаришлар ҳам бор.

Кичкиналигимизда уйимиздаги деворда доира билан дутор осиғлиқ турарди. Мана шу-ку маънавият ва маърифат. Мана шундан бошланади-ку. Ҳозир бирон жойга борсам кўрмайман, осиғлиқ рубобни, осиғлиқ дуторни. 3−4 ёшдаги болада мана шу тушунчалар шаклланиб борса, қандай зўр бўлади.

Ғарбда черковлардаги хорларида келиб тенгма-тенг куйлашади, нота билишади, мусиқий саводхонлиги бор, болалигиданоқ бу нарса шаклланиб боради.

Юртимизнинг ҳар бир қаричи, ҳар бир гўшаси истеъдодларга бой, иқтидорли йигит-қизларимиз бор. Мана шу нарсаларни биз кенгроқ тарғиб қилиб, кенгроқ ёйсак, қўйилаётган вазифаларнинг натижадорлиги ошади деб ўйлайман.

«Иқтидорли ёшларни аниқлаш биринчи ўринда соҳа мутахассисларининг вазифаси»

Иқтидорларни аниқлаш, ўрганиш бу жуда катта ҳажмдаги иш, бу жуда муҳим вазифалардан бири деб ўйлайман. Бу ерда нафақат мусиқа мактаблари, балки умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим тизимининг ҳам жуда катта роли бор.

Президентимиз Наманганга ташрифларида: «Ҳар бир йигит, ҳар бир қиз биттадан мусиқа чолғусини чалишни ўргансин, керак бўлса аттестацияга киргизинглар», деб айтдилар. Пилот сифатида Наманган тажрибасини кўрсатинглар дедилар. Агар бу натижа берса, бутун республикада тадбиқ қилиш керак.

Иқтидорларни аниқлаш бўйича телевизион лойиҳалар, хусусий каналларда бўлаётган иқтидорларни танлаш танловлари ва фестивалларни мисол қилиб келтиришим мумкин. Лекин бу Ўзбекистон учун, қарийб 35 миллион аҳолиси бор республика учун ҳеч нарса эмас.

Буни шунчаки халқ таълими вазирлиги, мактабгача таълим вазирлигига ағдариб қўйиш осон, бу аслида биз, соҳанинг айни мутахассислари қилиши керак бўлган нарсалар.

Тошкент шаҳридаги 411 та мактабда мусиқа фанининг ўтилиши, унинг методологияси, мазмун-моҳияти, дарсликларнинг узвийлиги, 1−4 синфлар дарсликларининг қай даражада тўғри тузилганлигини таҳлил қиляпмиз.

Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳам соҳа мутахассисларидан ишчи гуруҳ ташкил қилди. Композиторларимиз, умумтаълим мактабларга дарсликларни ёзаётган педагогларимиз жалб қилиниб, жуда катта таҳлилий ишлар олиб бориляпти. Биз бир ой ичида семинар ўтказиб, таҳлил қилиб, бу яхши, бу ёмон дейишдан йироқмиз, шунинг учун чуқурроқ ўрганаяпмиз. Япония тажрибасини ўрганиш учун у ердан умумтаълим мактабларида мусиқа йўналишида дарс бераётган педагогларни жалб қилаяпмиз.

Шунингдек, телевизион лойиҳаларнинг сонини кўпайтирамиз, Маънавият-маърифат канали билан иқтидорларни кашф қилишга йўналтирилган лойиҳа тайёрламоқчимиз.

Ҳозир нафақат марказда, балки ҳудудларда ҳам классик санъатга, мусиқага қизиқишни орттириш учун мусиқа мактаблари, тўгараклари ёки Маданият марказлари билан чегараланиб қолмасдан, фестиваль ва танловлар ўтказилмоқда, улар жамоа ташкил этиш бўйича ҳам натижа беряпти.

Масалан, «Сўғдиёна» халқ чолғулари оркестри ташаббуси билан Маданият ишлари вазирлиги ҳамкорлигида, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси билан биргаликда Феруза Абдураҳимова бошчиликларида «Наврўз садолари» халқ чолғулари кўп овозли ансамбль ва оркестрлар фестивали уюштирилади. Битта фестиваль орқасидан жойларда ансамбль, оркестрлар ташкил топиб, бу ансамбллар чет элларга бориб танловларда ғолиб бўлиб келишяпти.

Яна бир мисол, Қашқадарё ва Андижон вилоятида мана шу фестивалларда ўзларининг ташаббуслари билан чиққан мутахассислар ва созандалар ансамбли бугунги кунда вилоят маданият бошқармаси ёки ҳокимлик қошида ойлик оладиган штатга эга бўлган жамоа сифатида шаклланди.

Тарихни, эртанги кунни шахслар белгилайди, мана битта одам қилган ташаббуснинг орқасидан юзлаб, минглаб одамлар ишли бўляпти, ҳаётида мазмун топяти, ёшлар бўш вақтини унумли ташкиллаштиряпти. Мана шунақа маҳаллий, кичик жойларда ҳам кичик лойиҳаларни амалга оширсак, кўпроқ истеъдодларни кашф қиламиз.

Яқинда ўзим Андижон вилоятига бориб келдим. Вилоят ҳокимияти ташаббус билан чиқди, мен Ўзбекистон давлат консерваторияси албатта ёрдам беришини, ҳамкор бўлишини айтдим. Вилоятлар миқёсида Андижонда биринчи бўлиб симфоник оркестр ташкил этилди.

Вилоятларда, жойларда бўлаётган ташаббуслардан руҳланиб бошқа вилоятларни ҳам, ёшларни ҳам чақириб қолган бўлардим. Ўзингизга ишонинг, агар қилаётган ишларингиз тўғрилигига ишонсангиз, жуда катта ишларни амалга оширса бўлади. Бу шунчаки баландпарвоз гап эмас, ўзим гувоҳи бўлганлигим учун айтяпман. Ташаббус билан чиқинг, жойлардаги ҳокимлар ҳам мутасаддилар ҳам ёрдам беради.

Бугун ғоя керак. Бугун янгилик керак. Янги Ўзбекистон деяпмиз. Янги Ўзбекистон бу биноларнинг пештоқига ёки рўзномаларнинг тепасига ёзиб қўядиган лозунг эмаску. Янги Ўзбекистон — бу мен, бу сиз. Янги Ўзбекистон — бу ҳаммамиз. Янги Ўзбекистон — бу бугун бўлаётган ўзгаришлар. Агар ўзгаришлар бўлмаса, ўзимиз қилмасак, у шунчаки лозунг бўлиб қолади. Жойларда ташкил топаётган оркестрлар, ансамбллар, янги кашф қилинаётган хонандалар, созандалар — булар янги Ўзбекистон. Шунинг учун фақат ишонч керак. «Бўлмайди», «қилишолмайди», «пул бермайди», «эътибор бермайди» деса, албатта шунақа бўлади. Эътибор ҳам бермайди, пул ҳам, иш ҳам тополмайсиз.

Агар ишонсангиз, бўлади, «қила оламан» десангиз бу албатта амалга ошади.

Ёшлар симфоник оркестридан Давлат симфоник оркестригача…

2014 йил мен Москва давлат консерваториясини битириб келганимда бир қанча ҳамфикрлар битта лойиҳа атрофида йиғилдик. Бетховеннинг «Фидело» деган ягона операси бор. Ўша операни қўямиз деган ташаббус билан чиқдик ва лойиҳа учун маблағ топдик. Режиссёр Георгий Дмитриев билан биргаликда бир қатор хонанда ва созандалар Рус драма театрида спектаклнинг премьерасини, Ўзбекистондаги биринчи ижросини амалга оширдик. Жуда ҳам катта муваффақият билан ўтди, аншлаг бўлди, соҳа мутахассисларининг ижобий рецензияларини олди бу спектакль.

Шундан кейин катта лойиҳаларни амалга ошира олишимизга ишонч пайдо бўлди. Бу оркестр йиғма оркестр эди, уни тарқатмасдан бир нечта концерт бердик. Бир қанча муддатдан кейин оркестрни ўша пайтдаги «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ўзининг қарамоғига олиб, молиялаштирди. Шундан кейин 7 йил давомида Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестри сифатида фаолият олиб бордик.

Ўтган етти йил мобайнида биз жуда ҳам кўплаб халқаро тадбирларда қатнашдик, республикамизнинг энг катта тадбирларида доимий иштирокчига айландик, дунёнинг кўплаб давлатларида гастроль сафарларида бўлиб қайтдик. «Мана ман» деган дунёнинг катта саҳналарида, Европа давлатларида «стоящий авация» (туриб қарсак чалишларига) сазовор бўлдик.

Секин-аста ўз устимизда ишлаб, 2020 йилда МДҲ давлатлари ичида биринчилардан бўлиб Берлинда бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон ёшлар симфоник оркестлари фестивалига таклиф қилиндик. Минг афсуски, пандемия сабабли боришнинг иложи бўлмади, фестиваллар ва ижодий тадбирлар қолдирилди. Лекин оркестрнинг мана шундай фестивалларга таклиф қилиниши унинг халқаро миқёсда тан олиниши деб фахр билан айта оламан.

Президентимиз 2020 йил 30 июнда имзолаган Ёшларни қўллаб қувватлаш ва Ёшлар ишлари агентилигини ташкил этиш бўйича қарорда Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестри негизида Ўзбекистон Давлат симфоник оркестрини тузиш банди киритилган эди. Яқинда ушбу масала бўйича Вазирлар маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Энди биз Ўзбекистон давлат симфоник оркестри мақомида, республиканинг биринчи рақамли симфоник оркестри сифатида фаолиятимизни давом эттирамиз.

Ҳозирги кунда концерт фаолиятимизни республикадаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда олиб бораяпмиз. Уларнинг сони камайган ва аксарияти онлайн тарзда ўтмоқда.

Ҳар ҳафта биз Чайковский, Шостакович, ўзимизнинг бастакорларимиз асарларини мухлислар эътиборига ҳавола қиляпмиз. Ҳар жума, шанба кунлари концерт берамиз. Бундан ташқари, оркестримиз ҳар ойнинг охирги жумасида Ёшлар ижод саройида камер мусиқа кечаларини ўтказади. Бу мутлақо бепул концертлар.

Қатарда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида бир нечта маънавий тадбирлар бўлиб ўтади. Мана шу маънавий тадбирларга ҳам таклиф қилинганмиз.

Кузда Тошкентда халқаро симфоник мусиқа фестивали ўтказилади. Бу фестивалда ҳам биз фаол иштирокчи сифатида қатнашиб, мухлисларга бир қанча асарлар премьераларини ҳавола қилмоқчимиз.

— Ректорлик ва дирижерлик фаолиятингиз ўртасида баланс борми?

— Ҳозир баланс бор десам, оркестримдаги мусиқачилар «раҳбаримиз ёлғончи» дейишади.

Ректорлик фаолиятим жуда ҳам кўп вақт ва куч сарфлашни талаб қилади. эгаллайди. Шунга қарамасдан ижод билан шуғулланишга ҳаракат қиламан. Чунки ижод ҳаётимнинг мазмуни, мусиқа ҳаётимнинг ажралмас қисми, ижодсиз яшай олмайман.


Яхшиям-ки, ижодий ОТМга раҳбарлик қиламан. Шундан фойдаланиб, педагогик фаолият ҳам олиб боряпман, дирижерлик соҳасида шогирдлар тайёрлаяпмиз. Шу жиҳатдан дарс жараёнларимиз оркестр билан боғлиқ. Албатта ўзим раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон давлат симфоник оркестри билан ҳам концерт фаолиятини олиб боришга имкон қадар ҳаракат қиляпман.

— Мусиқани тушуниш, унга тўғри баҳо бериш учун нималарни билиш керак?

— Москва давлат консерваториясида СССР халқ артисти профессор Геннадий Николаевич Рождественский синфида таҳсил олганман. Устозимга кичик курсларда ўқиганимда: «Биз авангард, замонавий, модерн мусиқа деймиз. Ўша мусиқани тушуниш учун нималар керак? Тўлақонли англаш учун нималар керак?», деб савол берганимда бизга айтган эдилар: «Авангард мусиқа бўладими, классик мусиқа бўладими, санъат асари бўладими битта тамойил: ёки у сенга ёқди, ёки у сенга ёқмади. Бўлди, бошқа тушунча, изоҳ беришнинг кераги йўқ».

Бу ерда ҳам баҳолаш мезони бир. Сиз консерватория битирувчисимисиз ёки мутлақо бошқа соҳа вакили бўласизми, асл мусиқа, ишонаверинг, сизга ёқади. Агар у юқори профессионал даражада ижро этилган бўлса, у ёқади. Агар ижро сифатсиз бўлса, агар истеъдодсиз мусиқачи ижро қилса, уни сиз албатта сезасиз. Балки тушунтириб беролмассиз, лекин албатта сезасиз.

Биз иқтидорли кино ёки интервьюни баҳолашнинг аниқ бир мезонини билмаймиз-ку. Ёки Тарковскийнинг фильмларининг ёзилган бир механизмлари ёки таҳлиллари йўқ. Лекин бу мукаммал, классик асарлар.

Мусиқада ҳам худди шунақа. Ёки бу иқтидорли, ёки иқтидорсиз ижро этилган концерт.

— Россиялик кино танқидчиси Антон Долин Тошкентда учрашув ўтказганида кино санъатининг ривожланиши учун жуда катта маблағ талаб этилишини айтган эди. Мусиқанинг ривожланиши учун катта маблағ зарурми? Умуман, мусиқани ривожлантиришга ким ҳисса қўшиши керак?

— Ҳаммамиз ҳисса қўшишимиз керак. Ҳам тингловчи, ўзининг талаби билан, ҳам созанда, ўзининг маҳорати, профессионаллик даражаси билан.

Балки кино санъати соҳасига моддий тарафнинг муҳимлиги бордир. Чунки бу визуал санъат, уни юзага чиқариб бериш фақат инсоннинг иқтидорига эмас, балки технологияларга ҳам боғлиқ.

Пьетр Ильич Чайковский симфоник жанрни инсоният тарихида жуда ҳам катта чўққиларга олиб чиқиб берган шахс, бастакор. Вақти келганда асарларини ёзишга нота вароқлари бўлмаган.

Чайковскийнинг музейига борсангиз, кичик-кичик латталар, ёки китобларнинг ҳошияларига ёзиб кетган мусиқий мотивлари ҳам бор. Агар ўша даврдаги подшоҳлар ёки императорлар Чайковскийга бошқача нигоҳ билан қараб, унинг қадр-қимматини сезиб, бошига кўтарганида, саройида олиб ўтирганида, қасрлар қуриб берганида, олдига юзлаб минглаб хизматчилар қўйганида, «Евгений Онегин», «Пиковая дама», «Оққуш» балетлари пайдо бўларди деб айта оласизми? Манимча йўқ.

Балки визуал санъат, ёки техник воситалар ёрдамида амалга ошириладиган санъат турларида маблағнинг аҳамияти бордир. Назаримда, айни мусиқа санъатида маблағнинг кўп ёки камлиги санъатнинг ривожланишига асосий омил бўлиб хизмат қилмайди. Ёки у [иқтидор] бор, ёки у йўқ. Мусиқа санъатида иқтидорсиз инсонга миллиардлаб пул сарфланг, ундан Турғун Алиматовлар, Юнус Ражабийлар ёки Абдуҳошим Исмоиловлар чиқмайди.

Камолиддин Уринбаев «Газета.uz»га берган интервьюсининг биринчи қисмида Консерваторияда коррупцияга қарши қандай курашаётганлиги, бугун қандай босим турлари мавжудлиги, таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг пухта ўйланмаганлиги нимага олиб келиши ва раҳбарларга коррупцияга қарши курашда нима етишмаётганлиги ҳақида ўз фикрлари билан бўлишган эди.

Давлат Умаров суҳбатлашди