Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилояти фаоллари билан учрашувда «Тўпаланг» сув омбори лойиҳасига бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов масъул бўлишини айтди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

«Худо берган шунча сувимиз турибди, лекин халққа етказиб бера олмаяпмиз. Қуёшдан энергия оляпмиз, энди бу томонини ҳам тўғрилаб қўяйлик. Сув таъминотини босқичма-босқич амалга оширишимиз керак. „Тўпаланг“ сув омбори катта қийинчиликлар билан барпо қилинган, энди Сурхондарё халқига хизмат қилиши керак. Раматов (бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов — таҳр.), бу лойиҳага бошингиз билан жавоб берасиз», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Президент ушбу лойиҳа учун ажратилаётган маблағ халқ учун эканлигини, унинг ҳар бир сўми учун сўров қаттиқ бўлишини қайд этди.

«Шунча қийинчиликларга қарамай, бу маблағни топиб беряпмиз. Агар пандемия бўлмаганида эди, имкониятларимиз янада кўпроқ бўларди. Коронавирусга қарши курашга 80 трлн сўм маблағимиз кетди. Лекин бу пулга ачинмайман, халқимизни имкон қадар асраб қолдик. Демак янги лойиҳалар учун ажратилаётган бу маблағларнинг сўрови бўлади. Оқсоқоллар, „Болам, нима қиляпсан?“ деб раҳбарларни тергаб туринглар», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент мутасаддиларга ҳалол ишлаш кераклигини таъкидлади.

«Энди ҳалол ишлаган раҳмат олади, ўғрилик қилган лаънат олади. Ўз ҳудудида лаънат олиб, шарманда бўлади», — деди давлат раҳбари.