25 май куни пойтахтдаги Humo Arena муз саройи ёнида «Мўйноққа мадад» хайрия веломарофонига старт берилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар беришича, шу муносабат билан хайрия веломарафонини ўтказиш доирасида иштирокчиларнинг ҳаракатланиш йўли бўйлаб кўчаларнинг бир қисми вақтинча ёпилади.

Қуйидаги йўлларда ҳаракат соат 9:30 дан 11:30 гача тўхтатилади:

  • Афросиёб кўчаси — «Ўзбекистон» метро бекатидан Нукус кўчасигача (Shox Med Center клиникаси);
  • Нукус кўчаси — Ойбек кўчасидан Фарғона йўли кўчасигача;
  • Абдулла Қодирий кўчаси — Фарғона йўли кўчасидан Қорасарой кўчасигача;
  • Қорасарой кўчаси — Абдулла Қодирий кўчасидан «Ҳазрати Имом» мажмуасигача;
  • Зарқайнар кўчаси — Қорасарой кўчасидан Ўзбек давлат циркининг пастидаги тоннелгача;
  • Фурқат кўчаси — Ўзбек давлат циркининг пастидаги тоннелдан Ислом Каримов шоҳ кўчасигача;
  • Ислом Каримов шоҳ кўчаси — Фурқат кўчасидан Афросиёб кўчасигача.

Пойтахт ҳокимлиги ушбу йўл қисмларида тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида ҳайдовчиларга айланма йўллардан фойдаланишни тавсия қилмоқда.

Маълумот ўрнида, мазкур хайрия тадбирдан тушган маблағлар Оролбўйи ҳудудида яшаётган аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга, жумладан, Мўйноқ тумани Али овул қишлоғини обод қилиш, суғориш-ирригация тизимларини яхшилаш, тоза ичимлик суви тармоғини ўтказиш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг бошқа муаммоларини ҳал этишга йўналтирилади.