Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 май куни 2021 йил учун ишланмайдиган кунларни тасдиқлаш кўзда тутилган фармонни имзолади. Бу ҳақда «Газета.uz»га ҳукуматдаги манбаси хабар қилди.

Қабул қилинган ҳужжат билан Ўзбекистон президентининг 2020 йил 3 декабрдаги «2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида"ги ПФ-6122-сон Фармонига ўзгартиришлар киритилди.

Қарор «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида аҳолининг фаол дам олиши учун энг қулай шароитларни яратишга қаратилган.

Қўшимча ишланмайдиган кунлар (қора билан ажратилганлар — ўзгартиш киритилган саналар):

14 май — жума;

2 сентябрь — пайшанба;

3 сентябрь — жума;

31 декабрь — жума".

(бюджет ташкилотларида қўшимча ишланмайдиган кунлар йиллик меҳнат таътилини қисқартириш ҳисобига қопланади)

Кўчирилаётган дам олиш кунлари (Қурбон ҳайити байрами муносабати билан):

17 июль — шанба кунидан 21 июль — чоршанба кунига;

24 июль — шанба кунидан 22 июль — пайшанба кунига.

Барча ишчилар учун ишланмайдиган кунлар (иш ҳафтаси туридан қатъи назар):

2 январь — шанба;

20 март — шанба;

22 март — душанба;

15 май — шанба;

21 июль — чоршанба;

22 июль — пайшанба;

4 сентябрь — шанба.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг февралдаги фармони билан Наврўз умумхалқ байрами, Мустақиллик куни ва Янги йил байрами ҳамда Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр) ва Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа) диний байрамларини нишонлаш даврида қўшимча ва кўчириш ҳисобига ишланмайдиган кунлар уч кундан кам бўлмаган муддатга белгиланган эди.

Шунингдек, ушбу фармон билан ота-оналар, қариндошлар, қариялар ва устозлар билан биргаликда саёҳат қилишни назарда тутувчи беш иш кунидан кам бўлмаган «оилавий саёҳат таътили» тизими жорий этилди. Бунда, «оилавий саёҳат таътили» йиллик асосий таътил ҳисобидан тақдим этилади ва жамоавий шартномаларга мувофиқ иш берувчининг розилиги билан амалга оширилади.