Наврўз умумхалқ байрами, Мустақиллик куни ва Янги йил байрами ҳамда Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр) ва Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа) диний байрамларини нишонлаш даврида қўшимча ва кўчириш ҳисобига ишланмайдиган кунлар уч кундан кам бўлмаган муддатга белгиланади. Ушбу тартиб президент фармони билан жорий этилмоқда.

Ҳужжат билан шунингдек, ота-оналар, қариндошлар, қариялар ва устозлар билан биргаликда саёҳат қилишни назарда тутувчи беш иш кунидан кам бўлмаган «оилавий саёҳат таътили» тизими жорий қилинмоқда. Бунда, «оилавий саёҳат таътили» йиллик асосий таътил ҳисобидан тақдим этилади ва жамоавий шартномаларга мувофиқ иш берувчининг розилиги билан амалга оширилади.

Республиканинг туризм намойиши объектларини кенг тарғиб қилиш, фуқароларни бой табиий, маданий ва тарихий мерос объектлари билан таништириш ҳамда ички туризмни оммалаштиришга қаратилган (тижорат мақсадларни кўзламаган) ахборот маънавият ва маърифат масалаларига доир ахборотга тенглаштирилади.

1 мартдан бошлаб ТИВнинг масъул шахслари, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ички туризм оқимини ташкил қилиш ва хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича прогноз кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлаган тақдирда, уларга мукофот тўланади. Прогноз кўрсаткичлари бажарилиши таъминланмаган тақдирда эса, белгиланган тартибда интизомий жазо чоралари қўлланилади.

Аввалроқ, «Газета.uz» 1 мартдан Баҳрайн Қироллиги, Қатар, Қувайт, Уммон Султонлиги ва ХХР, шу жумладан Хитойнинг Гонконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудлари фуқаролари учун визасиз режим жорий этилгани ҳақида ёзган эди.