17 март куни Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келаётган Бадриддин Насриев Халқ демократик партиясининг (ХДП) Самарқанд вилоят кенгаши раислигига сайланди. Kun.uz нашри Насриевнинг Ўзбекистон либерал демократик партияси (ЎзЛиДеП) депутати эканлиги, ХДП ходимлари буни шармандалик деб баҳолашаётгани ҳақида хабар берди.

«Бу ҳолат аслида ХДПнинг ҳам қоидаларига зид. Ўзбекистон ХДП Уставининг 14.1 ҳамда 7.8-бандлари қўпол равишда бузилди. Уставга кўра, аслида юқоридаги йиғилишнинг ўзи қонуний бўлиши учун пленум аъзоларининг ҳеч бўлмаганда ярми иштирок этиши керак эди. Aммо анжуманда 59 нафар пленум аъзоларидан фақат 27 киши иштирок этди.

Умуман, бошқа партия вакилининг бизга раҳбар этиб сайланиши нафақат партиямиз ходимлари, балки ХДПга эргашганлар учун ҳам шармандали ҳолат бўлди деб ҳисоблаймиз", дея ХДП Самарқанд вилоят кенгаши вакилларининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz нашри.

Халқ демократик партияси Бадриддин Насриев Самарқанд вилоят кенгаши раиси этиб сайлангани юзасидан тушунтириш берди.

Партия Самарқанд вилоят кенгаши раиси лавозимида фаолият юритаётган Б. Насриев ихтиёрий равишда партия аъзолигини танлаши унинг шахсий ҳуқуқи ҳисобланишини маълум қилди.

Таъкидланишича, Б. Насриев минтақавий партия кенгаши раислигига сайланишидан аввал Халқ демократик партияси аъзолигига февраль ойида қабул қилиниб, унга аъзолик гувоҳномаси берилган.

«Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг тегишли қарори билан Б. Насриев ЎзЛиДеП гуруҳи аъзолигидан чиқарилган бўлиб, бугунги кунда депутат сифатидаги фаолиятини ҳам амалга ошириб келмоқда», — дейилади хабарда.

ЎзЛиДеП партияси аъзоси Расул Кушербаев ушбу ҳолатга муносабат билдирди.

«Тўғриси партияларнинг жамият ва мамлакат ҳаётидаги сиёсий ўрни учун жуда қўпол хатолик бўлибди. Буни қабул қилиб бўлмайди. Ўзаро ғоя, сиёсий ирода ва сайловолди платформаси орқали бир биридан фарқ қилувчи сиёсий кучлар учун бунақа хатоликка йўл қўйиш жойларда партияларнинг ҳақиқий ўрни ҳақида кўплаб саволларни туғдиради», — деб ёзади у.