Президент «Аҳолини айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга доир чоралар тўғрисида» ги қонунни имзолади. Янги қонунга асосан, Солиқ кодексига қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, 2021 йил 1 майдан 31 декабргача қуйидагилар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади:

  • Ўзбекистон ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш;
  • ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев Ўзбекистонда ўсимлик ёғи истеъмоли ҳажми йилига 460 минг тоннани ташкил этиши, унинг ярми импорт ҳисобига қопланишини маълум қилган эди.

Қонунга мувофиқ, ҳудди шу даврда айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан экспорт божхона божлари киритилади:

  • кунгабоқар ва пахта уруғига — божхона қийматининг 30 фоизи, бироқ 1 кг учун 0,2 доллардан кам бўлмаган миқдорда;
  • кунгабоқар ёғига — 20 фоиз, бироқ 1 кг учун 0,2 доллардан кам бўлмаган миқдорда;
  • пахта ёғига — 50 фоиз, бироқ 1 кг учун 0,5 доллардан кам бўлмаган миқдорда.

Дастлаб Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун лойиҳасида импорт қилинган кунгабоқар уруғларини қайта ишлаш натижасида олинган ўсимлик ёғи ва пахта ёғига экспорт божи ўрнига экспортни 50 фоизгача қисқартириш таклиф қилинган эди.

Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов ўсимлик ёғи ҚҚСдан озод қилиниши натижасида бюджетга 267 млрд сўмлик тушум тушмаслигини маълум қилган.