Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Солиқ кодексига ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари қўшилган қиймат солиғидан озод қилишни кўзда тутади. Бу ҳақда депутат, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев маълум қилди.

Жумладан, 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар:

  • ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данаги импорти;
  • ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланмаси ҚҚСдан озод қилинади;
  • хўжалик юритувчи субъектларга ўзлари томонидан импорт қилинган кунгабоқар ёғи ва кунгабоқар уруғларни қайта ишлаш натижасида ишлаб чиқарилган ўсимлик ёғининг 50 фоизидан ошмаган қисмини экспорт қилишга рухсат берилади.

Лойиҳада давлат божхона қўмитасига хўжалик юритувчи субъектлар томонидан импорт қилинган кунгабоқар ёғи ҳамда кунгабоқар уруғларини қайта ишлашдан олинган ўсимлик ёғи ҳажмига нисбатан экспорт шартномалари доирасида амалга оширилган экспорт ҳажми 50 фоиздан ошишига йўл қўйилмаслиги бўйича назоратни амалга ошириш вазифаси юклатилди.

Депутатлар қонун лойиҳасини маъқуллаб Сенатга юборишди

Ўсимлик ёғи қаердан ва қанча миқдорда олиб кирилмоқда? Манба: Статистика қўмитаси.

Аввалроқ «Газета.uz» нима учун ўсимлик ёғи нархлари ошиб кетгани ҳақида маълум қилган эди. Бунга ташқи бозорларда нархлар кўтарилиши сабаб бўлгани айтилган эди.

Ўсимлик ёғи нархлари ўсиш динамикаси. Манба: Марказий банк.

Рапса ёғи нархининг ўсиш динамикаси. Манба: Марказий банк.

Пальма ёғи нархининг ўсиш динамикаси. Манба: Марказий банк.

Соя ёғи нархининг ўсиш динамикаси. Манба: Марказий банк.

Пайшанба куни Марказий банк ўтказган матбуот анжуманида жаҳон бозорларида барча турдаги ўсимлик ёғлари — кунгабоқар, соя, колза ва пальма ёғлари нархлари ўсиб бораётгани ҳақида хабар берилди. Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуратовнинг сўзларига кўра, йил давомида дунёда ўсимлик мойи 61 фоизга қимматлашди.

Марказий банк раҳбари ўринбосари Беҳзод Ҳамроевнинг таъкидлашича, жаҳон бозорларида озиқ-овқат маҳсулотларининг нархига мавсумий омиллар таъсир кўрсатмоқда.

«Бу товарларнинг жаҳон нархлари доимий равишда ўсиб боришини англатмайди. Масалан, бу йил нархлар 20−30 фоизга ошди, аммо бу яқин йилларда улар ҳам ўсишини англатмайди. Баъзида мавсум ноқулай бўлиши мумкин. Кутиш керак. Дунёда кунгабоқар ёғи бўйича август, сентябрь, октябрь ойлари учун фючерс шартномалари анча паст — 1200 доллар, ҳозир эса 1500−1550 доллар», — деди у.

Беҳзод Ҳамроевнинг айтишича, ҳукумат ўсимлик мойи бозорига марказлашган аралашув ва импорт учун транспорт харажатларини камайтириш имкониятларини кўриб чиқмоқда.