Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирлари Баҳодир Қурбонов ҳамда Сергей Шойгу чоршанба куни Бухорода 2021−2025 йилларда Ўзбекистон ва Россиянинг ҳарбий соҳадаги стратегик ҳамкорлиги дастурини имзоладилар. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилди.

Дастурни имзолаш маросими РФ мудофаа вазирининг 27 апрель куни бошланган Ўзбекистонга ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Ташриф дастуридан халқаро ва минтақавий хавфсизлик муаммолари, шунингдек, Ўзбекистон ва РФ ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик масалалари муҳокамалари ўрин олган.

Сергей Шойгу бундай дастурнинг илк бор ишлаб чиқилгани ва эришилган ўзаро алоқалар суръати суръатини қўллаб-қувватлаш, ҳарбий соҳада икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилганини қайд этди. Россия мудофаа вазири, шунингдек, ушбу соҳадаги муносабатларнинг юқори даражаси аввало Россия ва Ўзбекистон президентлари ўртасидаги муносабатлар туфайли ривожланган ва мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

«Биз стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларимизни аниқ амалий мазмун билан тўлдириш нуқтаи назаридан Россия билан икки томонлама ва кўп томонлама алоқаларни янада чуқурлаштиришдан манфаатдормиз. Шу билан бирга, Ўзбекистон мудофаа ва минтақавий хавфсизлик соҳасида ҳам Россия Федерацияси билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини таъкидламоқчиман», — дея РИА Новости Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбоновнинг сўзларини келтиради.

Россия мудофаа идораси раҳбарининг сўзларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари — бу ҳарбий хавфсизликни таъминлаш, Ўзбекистон Қуролли Кучларининг жанговар салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, ҳарбий кадрларни тайёрлаш бўйича икки томонлама тадбирларни ўтказишдир.

РФ Мудофаа вазирлиги раҳбарининг таъкидлашича, «Ўзбекистон — Россиянинг Марказий Осиё минтақасидаги стратегик шериги». «Бугун чақириқлар ва таҳдидларга, айниқса халқаро терроризмга қарши биргаликда курашиш муҳим», деди Россия мудофаа вазири.

Сергей Шойгу Ўзбекистонга мамлакат халқининг фашизм устидан эришилган ғалабага қўшган ҳиссаси тўғрисидаги архив ҳужжатлари тўпламини топширди. Шунингдек, у ўзбекистонлик ҳамкасбларини халқаро хавфсизлик бўйича Москва конференциясига, армия халқаро ҳарбий-техник форумига ва халқаро армия ўйинларига таклиф қилди.

Қайд этиш жоизки, Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари Тожикистонга ташрифидан сўнг Ўзбекистонга ташриф буюрди. У ерда томонлар ҳаво ҳудудларида давлат чегарасини ҳимоя қилиш ишончлилигини ошириш учун Россия ва Тожикистоннинг Қўшма минтақавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратишга келишиб олдилар.