27 март куни Troll.uz блоги муаллифи Умид Гафуров Бухоро давлат тиббиёт институтида «Одам анатомияси. Атлас» китобини сотиб олишда давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги видеони эълон қилган эди.Роликда қайд этилишича, БухДТИ институт ректори, профессор Шуҳрат Жумаевич Тешаев ва ОТМда меҳнат шартномаси асосида ишлаган Елена Александрова Харибова муаллифлигидаги китобни сотиб олиш учун Bitubi Grupp компанияси билан бир қанча шартномалар имзолаган.

Шартномаларнинг умумий қиймати 1,4 млрд сўмни ташкил этган. Китоблар нархи доимий равишда ўсиб борган, айрим шартномалар эса Bitubi Grupp ноширлик фаолияти учун лицензия олишидан аввалроқ имзоланган. Бу вақтда янада арзонроқ нархларни таклиф қилган бир қанча номзодлар мавжуд бўлган.

Манба: КТЯД.

Бундан ташқари, ректор ўзининг шахсий автомобили бўлишига қарамасдан, хизмат автомобилида Шуҳрат Тешаевнинг қариндошларини олиб юрган ўз ҳайдовчисини ишдан бўшатиб юборган. Ҳайдовчи хизмат автомобилидан шахсий эҳтиёжлари учун фойдаланиш сабабли ёқилғи харажатлари тасдиқланган лимитдан ошиб кетишни бошлаган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги муносабати

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Бухоро вилояти прокуратураси билан биргаликда олиб борилган текширувлар натижаларини эълон қилди.

Шуҳрат Тешаев. Фото: bsmi.uz.

Агентлик маълумотларига кўра, институт Bitubi Grupp корхонасидан 721,2 млн сўмлик жами 1725 дона (1-том 1500 дона, 2-том 225 дона) «Одам анатомияси. Атлас» китобини харид қилган. Шундан 602,2 млн сўм талабаларнинг тўлов-контрактидан тушган маблағлар ҳисобига, 119 млн сўм бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилган. Китоблар ҳисобхона балансига тўлиқ кирим қилинган ва саноқдан ўтказилганида камомад аниқланмаган.

Ушбу харидларни амалга ошириш учун Бухоро давлат тиббиёт институти ҳамда Bitubi Grupp ўртасида бир нечта шартномалар тузилган. Хусусан, 2019 йил 13 августда тузилган 1-сон шартномага асосан 15 фоизлик олдиндан тўлов (17,8 млн сўм) Bitubi Grupp ҳисобига ўтказиб берилган.

Агентлик иккита шартнома Bitubi Grupp ноширлик фаолиятини амалга оширувчи тегишли лицензияга ҳамда ушбу китобни нашр этиш учун тегишли рухсатномани расмийлаштирмасидан аввал тузилганини тасдиқлади. Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилгани учун иккита тўғридан-тўғри шартнома (299,7 млн сўмлик ва 419,8 млн сўмлик бекор қилинган.

Текширув жараёнида, шунингдек, Елена Харибова ҳақиқатдан ҳам 2020 йил 1 июль куни меҳнат шартномаси имзолангани ҳамда 2021 йил 1 апрелга қадар онлайн ва офлайн тарзда фаолият юритгани маълум бўлди.

Амрилло Иноятов. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Институт балансидаги Lacetti русумли автомашинага 2019−2020 йиллар учун белгиланган лимитга нисбатан 1144 м³ ортиқча сарфланган сиқилган газ ёқилғиси учун 8,4 млн сўм институтнинг собиқ раҳбаридан ундирилган. Шунингдек, 2021 йилнинг 2 ойи давомида 381 минг сўмлик 158 м³ сиқилган газ ёқилғиси белгиланган лимитдан ортиқча сарфлангани аниқланиб, етказилган зарар институт ректори томонидан тўлиқ қопланган.

Бундан ташқари, институт ҳайдовчиси Б.Д.нинг меҳнат шартномаси ноқонуний равишда тугатилгани ҳолати вилоят прокуратураси томонидан ўрганилиб, ҳайдовчи қайта ишга тикланган.

Текширувлар жараёнида ОТМнинг 2018 йил 7 ноябрдаги «Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора тадбирлари тўғрисида"ги президент қарори талабларига риоя этилмасдан, тўлов-контракт тушумларидан тушадиган ажратмалардан ССВнинг ривожлантириш жамғармасига 7,8 млрд сўмлик ўтказмаларни ўз вақтида ўтказиб бермаганлиги аниқланди ва ушбу сумма жамғармага тўлиқ ўтказиб берилиши таъминланди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси муносабати

Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳам ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Қўмитанинг қайд этишича, БухДТИ томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг «Давлат харидлари тўғрисида» ва «Рақобат тўғрисида"ги қонунлар талаблари мослиги ўрганиб чиқилган.

Маълум бўлишича, 2020 йил 3 аавгуст куни буюртмачи махсус ахборот порталида бошланғич нархини пасайтириш йўли билан аукцион савдоси орқали китобларни сотиб олиш тўғрисида эълонни жойлаштирган, унда аукционнинг бошланғич нархи 391,860 млн сўмни ташкил этиши кўрсатилган.

«Мазкур танлов савдолари юзасидан маълумот ва ҳужжатлар ўрганиш натижасида, қонун бузилиш аломатлари аниқланган. Хусусан, танлов савдоларида уч томонлама келишув борлиги маълум бўлган», дейилади хабарда.

Махсус ахборот порталида жойлаштирилган дастлабки тижорий таклифларгага кўра, Bitubi Grupp 933 дона «Одам анатомияси» китоби учун 382,530 млн сўм билан, «Бухоро Шарқ» эса 373,666 млн сўм билан ўз таклифларини тақдим этишган. Бироқ Bitubi Grupp билан «Бухоро Шарқ» таклиф этган нарх — 373,666 млн сўмлик шартнома имзоланган. Порталдаги маълумотлар эса алмаштириб қўйилган.

Шунингдек, олдинги ўтказилган аукционларда «Курилиш Таъмир Савдо» ва «Глобал Баходир Траст» компаниялари ғолиб деб топилгани, аммо китоб етказиб беришни имкони бўлмагач, ўзаро келишувга кўра шартномалар бекор қилингани маълум қилинди. Аниқланишича, китобни айнан «Bitubi Grupp» МЧЖ чоп этган.

Ўрганиш якунларига кўра, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармасининг Махсус комиссияси томонидан Бухоро тиббиёт институтига қарши иш қўзғатиб, унга кўрсатма берилган.