Тошкент вилоятида 27 ёшли фуқаро 21 ёшли қизни ўғирлаб, эрга тегишга мажбурламоқчи бўлган. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар бермоқда.

Воқеа 12 март куни соат 07:55 ларда содир бўлган. Фуқаро М.Қ. Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани ҳудудида бўла туриб, М.У. ни эркига хилоф равишда никоҳдан ўтиш учун ўғирлаган. Қиз қаршилик кўрсатиб қочиб кетган ва М.Қ.га нисбатан қонуний чора кўришларини сўраб ИИБга мурожаат қилган.

Ҳолат юзасидан М.Қ.га нисбатан ЖКнинг 136-моддаси 1-қисми (аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал, Сурхондарё вилояти Денов туманида 20 ёшли қизга мажбуран уйланмоқчи бўлган 28 ёшли фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 8 апрель куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида турмуш қуриш учун аёлларни олиб қочишга қарши митинг ўтказилган эди. Намойишчилар «келинни ўғирлаш» моддаси учун жазони кучайтиришни талаб қилишган.